Вилоят ҳокими китобхон ёшлар билан учрашди
Урганч шаҳридаги “Билим – хазина” кутубхонасида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг китобхон ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий мулоқотда бугунги кунда юртимизда ёшларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва замонавий билимларни эгаллашлари учун яратилаётган кенг имкониятлар алоҳида таъкидланди.
“Китоб ўқиган инсон дунёни кенгроқ тасаввур қилади, муаммоларга тўғри ечим топа олади. Бугунги ёшларимизнинг интилиши, китобга бўлган меҳри бизни жуда қувонтиради”, – дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва янги лойиҳалари билан фаол иштирок этди. Вилоят ҳокими ҳар бир таклифни тинглаб, ёшларнинг илмий, ижодий ва ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
– Бугунги учрашув мен каби жуда кўплаб китобхон ёшлар учун унутилмас воқеа бўлди, десам муболаға бўлмайди, – дейди ёш китобхон Нодирбек Ҳожиев. – Вилоятимиз ҳокими билан айнан биз севган маскан кутубхонада, китоблар қуршовида самимий ва очиқ мулоқот қилдик. Ҳар бир ёшнинг фикрини, таклифини диққат билан тинглади. Мен ҳам ўзимнинг тенгдошларим орасида мутолаа маданиятини янада оммалаштириш, кутубхонамизда замонавий электрон ресурсларни кенгайтириш бўйича таклифларимни билдирдим. Бундай учрашувлар бизга жуда катта мотивация беради. Китоб ўқиш шунчаки машғулот эмас, балки келажакка пойдевор эканини бугун яна бир бор ҳис қилдик.




Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Хоразм вилоятида “Ёш китобхон” ҳамда “Ёш китобхон оила” танловларида жами 20 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятларини намоён этди. Шунингдек, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил қилинган “Китоб фест”, “1000 та китоб” лойиҳалари ҳамда китобхонлик акцияларида ёшлар фаол иштирок этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири