Вилоят ҳокими битирувчи талабалар билан мулоқот ўтказди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон давлат чет тиллари институтининг битирувчи талабалари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Учрашувда институт профессор-ўқитувчилари, битирувчи босқич талабалари иштирок этди. Унда вилоят ҳокими мамлакатимизда талабаларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Айтиш жоизки, институтнинг имкониятлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айни кунда мавжуд учта факультетда 20 та таълим йўналиши бўйича 3 минг 223 нафар талаба таҳсил олади. Улардан 746 нафари битирувчи талаба ҳисобланади. Талабаларга 150 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар таълим бериб келмоқда. Бундан ташқари, 1 минг 120 ўринли иккита талабалар ётоқхонаси, замонавий ахборот-ресурс маркази, спорт зали, барча қулайликларга эга кўплаб аудиториялар талабаларнинг билим ва малакасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, институтда илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув ишлари самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, институт Россия, Корея, Англия, АҚШ сингари қатор ривожланган давлатлардаги олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Тадбирда вилоят ҳокими талаба ёшларни яратиб берилаётган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланишга чақирди. Хусусан, айни пайтда туризм соҳаси мутахассисларига бўлган талаб тобора ортиб бораётганлиги, институт бу борада вилоятда драйвер бўлиши лозимлигини алоҳида қайд этди.
[gallery-19647]
Учрашув давомида битирувчи талабалар бандлигини таъминлаш хусусида ҳам сўз юритилди.
Вилоят ҳокими талабаларнинг таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этишлари юзасидан таклиф, ташаббус ва ғояларини эшитди.
Институтнинг инглиз тили ва адабиёти факультети талабаси Маҳлиё Каримова томонидан вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Вилоят ҳокими соврини учун” чет тиллар бўйича фан олимпиадасини ўтказиш таклифи билдирилди. Вилоят ҳокими ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Очиқ, самимий тарзда ўтган мулоқот давомида вилоят ҳокими ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.