Ветеринар олимларда янгиликлар бор
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида жойлашган ветеринария илмий-тадқиқот институти юртимиздаги салоҳияти юқори, қарийб бир асрлик тарихга эга илмий муассасалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда мазкур илмий даргоҳ республикамизда барча турдаги ҳайвонлар, парранда, балиқ, асаларининг юқумли, юқумсиз ва паразитар, инвазион касалликлари диагностикаси, профилактикаси ва даволашнинг замонавий усул ва воситаларини амалга оширишни асосий мақсад сифатида белгилаб, фаолият кўрсатмоқда.
– Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунёнинг қайси бир бурчагида пайдо бўлган касаллик ҳеч қанча вақт ўтмай, сайёрамизнинг бошқа бир ҳудудида тарқалмоқда, – дейди ветеринария илмий-тадқиқот институти директори, ветеринария фанлари доктори Бозорбой Элмуродов. – Буни одамлар чалинаётган юқумли хасталиклари ёки ветеринарияда ҳам кўриш мумкин. Ана шундай шароитда олдимизга қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли ва трансчегаравий касалликларининг эпизоотик мониторингини олиб бориш, касалликларнинг табиий ўчоқларини доимий ўрганиш ва илмий асосланган тавсиялар яратиш, ветеринария биологик препаратларни замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунда аввало кейинги йилларда давлатимиз томонидан илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасининг мустаҳкамланаётгани, илмий ходимларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, айни пайтда бизнинг муассасамизнинг бош биноси ва лабораторияларида ҳам капитал таъмирлаш, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкил этилиши ҳам фаолиятимизда туб бурилиш ясади.
[gallery-1718]
Бунинг натижасида институтда яратилган 6 турдаги ветеринария препаратларини саноат усулида ишлаб чиқариш ва барча чорвачилик фермер, давлат наслчилик хўжаликлари ҳамда аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликлари эҳтиёжидан келиб чиқиб жорий этиш юзасидан фаол иш олиб борилмоқда. Бу борада Россиянинг “Хема” компанияси ва Бутунроссия ҳайвонларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Натижада чорва ҳайвонлари касалликларини тезкор аниқловчи тест тўпламлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу пайтгача бундай воситалар юртимизга хориждан келтириларди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг пастереллёз, сальмонеллёз ва колибактериоз касалликларига қарши яратилган поливалент радиовакцина ҳам бугун юртимизда чорвачилик соҳасида фаол қўлланилмоқда. Мазкур воситани ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш бўйича 550 миллион сўмлик инновацион лойиҳа тайёрланиб, маъқулланди. Чорва ҳайвонларининг туберкуллёз касаллигини тезкор аниқловчи антиген эса ўтган йил август ойида Тошкент вилоятидаги хўжаликларда кўргазмали синовдан ўтказилди ва 98,2 фоиз самарадор эканлиги исботланди.
Институт олимлари томонидан яратилган бу каби ветеринария воситалари 2020 йилда хўжалик шартномалари орқали қарийб 847 миллион сўмга сотилган бўлса, бу йил бу кўрсаткични 1 миллиард сўмдан ошириш кўзда тутилган. Эътиборлиси, ушбу воситалар шу пайтгача юртимизга импорт сифатида келтирилган препаратлар ўрнини босади ва самарадорлик кўрсаткичи ҳам юқори.
– Ҳайвонларнинг бруцеллёз касаллигини аниқлашда қўлланиладиган уч турдаги антиген ҳам бугун чорвачилик учун жуда керакли ва натижадор восита сифатида қабул қилинди, – дейди институт директори ўринбосари Муҳиддин Рўзимуродов. – Шунинг учун яқинда мазкур препаратни саноат усулида ишлаб чиқариш учун Россия компанияси ва маҳаллий тадбиркор билан шерикликда лабораториямиз қошида цех ташкил этдик. Хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатдик ва шу цехнинг ўзида 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратдик. Ҳозирда учта лабораториямиз қошида шундай ишлаб чиқариш цехлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Умуман, институтдаги 19 та лабораториянинг бошқаларида ҳам келгусида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, Инновацион ривожланиш вазирлигига институт олимлари томонидан 4 та фундаментал ва 4 та амалий лойиҳа топширилган. Бу лойиҳалар чорва ҳайвонлари орасида коронавирус ва бошқа касалликларнинг олдини олиш, микроорганизмлар коллекциясини яратишга қаратилгани билан эътиборлидир. Жорий йилда муассаса ходимлари яна 5 та янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, россиялик ҳамкорлар билан биргаликда 1 миллиард сўмлик стартап лойиҳалар шакллантирилди. Илмий лойиҳаларга 2020 йилда 40 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган эди. Бу йил эса инвестициялар ҳамжини 95 минг АҚШ долларига етказиш мўлжалланмоқда.
Умуман, бугун юртимизда илм-фаннинг амалиёт ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштирилаётгани, инновацион ғоя ва ишланмалар ҳаётга кенг жорий этилаётгани илм аҳлининг ҳам, жамиятнинг ҳам манфаатдорлиги ошишига хизмат қилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА