Венгрияда ҳокимият алмашиши кутилмоқда (+видео)
Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловларида мухолифатдаги “Тиса” партияси ғалаба қозонди, деб хабар берди ВВС нашри.
16 йил давомида ҳокимиятда бўлган бош вазир Виктор Орбан ва унинг “Фидес” партияси натижалар ҳали расман тўлиқ тасдиқланмаган бўлса-да, аллақачон мағлубиятни тан олди. Ғалабадан кейин Будапешт марказида Петер Мадьяр ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилди. Бу ғалаба нафақат партияники, балки бутун Венгрияники эканини маълум қилди. Унинг фикрича, сайлов натижалари мамлакатда катта ўзгаришлар бошланишини англатади.
Бу сайловда иштирок этганлар сони ҳам жуда юқори. Овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 74 фоизи қатнашган, маълумотларга кўра, бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Мадьяр ўз нутқида венгрлар бу сайлов орқали Европа йўлини танлаганини айтди. У янги ҳукумат олдида катта ишлар турганини маълум қилиб, одамларни бугунги натижани тинч нишонлашга, эртадан эса мамлакатни “тиклаш”ни бошлашга чақирди.
Европа етакчилари ҳам бу натижани илиқ қарши олди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Венгрия Европани танлаганини айтди.
Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам янги раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Мадьярни табриклаб, Венгрия билан муносабатларни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди. Чунки, Орбан даврида Венгрия Россияга яқин давлатлардан бири ҳисобланар ва кўп ҳолларда Украинага ёрдам қарорларини тўсиб келарди.
Сайлов олдидан Орбан ва “Фидес” партияси асосан Украинадаги уруш мавзусига урғу берган эди. Улар Европа ва Украина Венгрияни можарога тортаётганини айтиб келди.
Сайлов натижалари эса мамлакатда сиёсий вазият ўзгараётганини кўрсатди. Кўплаб сайловчилар Петер Мадьяр ва унинг дастурини қўллаб-қувватлади. Айрим одамлар ҳатто хориждан қайтиб келиб овоз беришди.
Умуман олганда, бу сайлов нафақат Венгрия ичида, балки бутун Европа учун муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/-lcMctGyE24" title="Vengriyada hokimiyat almashishi kutilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА