Венгрия Президенти истеъфога чиқишдан бош тортди
Венгрия Президенти Тамаш Шуйок лавозимини тарк этмаслигини маълум қилди. Давлат раҳбари ижтимоий тармоқда эълон қилинган видео мурожаатида ҳукумат билан ҳамкорликни давом эттиришини ва Европа Иттифоқи маблағини жалб этиш учун зарур қонунчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бош вазир Петер Мадяр эса бу қарорни кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, бу Президент ҳеч қачон ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун қатъий ёндашув намоён этмаган.
Ҳукумат 31 майга қадар давлат раҳбари ҳамда қатор юқори лавозимли амалдорлар истеъфосини талаб қилган эди. Белгиланган муддат ўтиб кетганига қарамай, Шуйок қарорини ўзгартирмади.
Президент айтишича, у мазкур масала юзасидан Венеция комиссиясига мурожаат қилган ва жараён мамлакат Конституцияси талабига мувофиқ ҳал этилиши керак.
Венгрияда парламент томонидан сайланадиган ва асосан рамзий ваколатга эга Президент қонунларни конституциявий жиҳатдан кўриб чиқиш жараёнида муайян ўрин ҳам эгаллайди. Сиёсий кузатувчилар Шуйокни Бош вазир Виктор Орбанга яқин сиёсатчилардан бири сифатида билишади.
Мусулмон Зиё, ЎзА