Велотрек: Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Остонада икки медалга сазовор бўлди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида велотрек бўйича «ASTANA OPEN SERIES» халқаро рейтинг турнири давом этмоқда.
Мусобақанинг Мэдисон йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Самира Исмоилова ва Асал Ризаева бронза медалига сазовор бўлди. Ҳамюртларимиз пойга давомида етакчилар сафида бориб, ғалаба учун кураш олиб борди. Бироқ маррага икки айланиш қолганида Асал Ризаева йиқилиб тушди. Шунга қарамай, спортчимиз пойгани давом эттириб, жуфтликнинг шоҳсупадан жой олишига ҳисса қўшди.
Шунингдек, очколар бўйича гуруҳ пойгасида Самира Исмоилова кумуш медални қўлга киритди. Ушбу йўналишда иштирок этган Асал Ризаева эса тўртинчи натижани қайд этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари халқаро мусобақада иккита медалга эга бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА