Велоспорт фахрийсининг жасорати эътироф этилди
Хурсанд Шеров бир неча йиллардан бери велосипедда узоқ давом этадиган саёҳатларга чиқиб, элга танилган ҳамюртларимиздан.
Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия-Мўғулистон давлатлари бўйлаб саёҳатини бошлаган Х. Шеров 10 минг километрдан ортиқ йўл босиб, 7 октябрь куни ўз уйига қайтди.
[gallery-20090]
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мазкур сафар таассуротларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги соҳа фахрийлари, Хурсанд Шеровнинг яқинлари ва ёш велосипедчилар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар фахрий велоспортчининг жамиятимизда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, бундай ташаббус ёшлар учун ўрнак ва мотивация бўлишини таъкидладилар. Ўз навбатида Хурсанд Шеров келгусида янги манзиллар бўйича бундан ҳам йирик сафарларни амалга ошириш ниятида эканини маълум қилди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА