Вазир ва ЖССТ ваколатхонаси раҳбари учрашди
Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Вазир пандемия даврида ЖССТнинг Ўзбекистонга бераётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди, айниқса, юртимизга касаллик кириб келган вақтида беморларни даволаш бўйича вақтинчалик тавсияларни ишлаб чиқишда кўрсатган кўмаги сабаб минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлганини таъкидлади.
Шунингдек, ташкилот кўмаги билан мамлакатимизга касалликка қарши курашиш учун гуманитар ёрдам берилгани, шифокорларимиз ва турли давлатларнинг кўплаб мутахассислари ўртасида видеоконференцалоқа ўрнатилгани, юртимизга “COVID-19”га қарши вакциналарнинг олиб келингани айтилди.
Мулоқот давомида Л. Куппенс ташкилот ўзи якка мамлакатда натижаларга эришолмаслиги, вазирлик билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишларида юқори кўрсаткичларни қўлга киритиш мумкинлигини, шунингдек, Ўзбекистонда соҳани ислоҳ қилишда давом этиш учун барча керакли ёрдамни беришга тайёр эканлигини айтди.
Бундан ташқари, ЖССТнинг фаолияти тўғрисида батафсил гапириб, шу йилнинг 24 май – 2 июнь кунлари сайёрамизнинг 194 нафар соғлиқни сақлаш вазирлари иштирокида бўлиб ўтадиган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистоннинг ўз таклифлари ва позицияси билан чиқиши мумкинлиги ҳамда бу тадбир бошқа мамлакатларнинг шу соҳа вакиллари билан алоқа ўрнатиш учун ажойиб имконият бўлишини таъкидлади.
Ҳозир эса вазирликда коронавирус инфекциясини даволаш бўйича вақтинчалик тавсияларнинг навбатдаги нашрини тайёрлаш бўйича ишлар бошлаб юборилгани ва бунда ЖССТ мутахассисларининг амалий ёрдами керак бўлиши айтилди.
Мулоқот якунида томонлар ҳар икки йилда бир марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида тузиладиган ҳамкорлик келишувининг устувор йўналишлари, шунингдек, COVID-19 га қарши кураш борасидаги асосий масалаларни муҳокама қилиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА