Вазир ўринбосари ўқувчилар билан учрашди
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Садоқат Сиддиқова Фарғона вилоятидаги касб-ҳунар мактаблари фаолияти билан танишди.
Вилоятда бугунги кунда 76 та профессионал таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тизимни халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Фарғона имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабидаги учрашув мазмунли кечди. Вазир ўринбосари бу ерда таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан суҳбатлашди, уларнинг келажакдаги орзу-режалари билан қизиқди. Мактаб қошида очилган протез-ортопедик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолияти билан танишди. Тикувчилик ҳамда махсус пойабзал ишлаб чиқариш йўналишларида ҳунар ўрганаётган ёшлар томонидан тайёрланиб, харидорлар ва буюртмачиларга етказиб берилаётган маҳсулотлар барчанинг эътиборини тортди.
Шунингдек, ўқувчилар ётоқхонаси, бу ерда ташкил этилган “Моҳир қўллар” тўгараги фаолияти билан яқиндан танишилди. Айниқса, меҳмоннинг мактаб ошхонасида ўқувчилар билан бирга овқатлангани, самимий ва қизиқарли суҳбат ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайдиган бўлди. Президентимиз томонидан имконияти чекланган шахсларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларга янада қулай шарт-шароит яратиш борасида қатор қарор ва фармонлар имзоланаётгани, ҳар бир ўқувчи қалбида “мен ҳеч кимдан кам эмасман” деган қатъий ишонч бўлиши зарурлиги, уларга малакали ва меҳрибон устоз-мураббийлар ҳамиша кўмакдош эканлиги таъкидланди.

Учрашув якунида касб-ҳунар мактаби ҳовлисига меҳмонлар иштирокида кўчатлар экилди. Фарғона шаҳридаги мономарказ, Марғилон шаҳридаги касб-ҳунар мактабларида бўлган учрашувлар ҳам таассуротларга бой бўлди. Замонавий ҳунарларни ўзлаштираётган, атлас ва адрас тўқишни эгаллаётган ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
– Профессионал таълим тизимига дуал таълимни кенг жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир, – деди С.Сиддиқова. –Бу орқали ёшларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйишларига кўмаклашиш мумкин.
Вилоятдаги профессионал таълим муассасалари директорлари иштирокида ўтказилган йиғилишда вазир ўринбосари таълим сифатини ошириш, илғор тажрибаларни кенг жалб этишга эътибор қаратди. Келгусида амалга оширилиши зарур чора-тадбирлар, таълим муассасаларидаги камчилик ва муаммолар юзасидан тавсиялар берилди.

М.Сулаймонов, ЎзА