“Вазир кубоги” мусобақасининг Сирдарё босқичи якунланди
Сирдарё вилоятида аёл устозлар ҳамда мактабгача таълим тизими ходималари ўртасида волейбол бўйича ўтказилган “Вазир кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи ўз якунига етди. Мусобақа соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, хотин-қизлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда жамоавий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Турнирда вилоятнинг 11 та туман ва шаҳарларидан сараланган жамоалар иштирок этиб, республика босқичига йўлланма олиш учун қизғин ва муросасиз беллашувларда майдонга чиқдилар. Баҳслар давомида иштирокчилар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки жамоавий ҳамжиҳатлик, тезкор қарор қабул қилиш ва спорт маҳоратларини ҳам намоён этишди.
[gallery-29477]
Мусобақа давомида ўйинлар юқори кайфият ва соғлом рақобат руҳида ўтди. Жамоалар ҳар бир очко учун муросасиз кураш олиб боришди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Гулистон шаҳар 5-умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритган бўлса, 2-ўринга Сайхунобод тумани 1-умумтаълим мактаби жамоаси, 3-ўринга эса Оқолтин тумани 1-мактаб жамоаси сазовор бўлди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, барча иштирокчи жамоаларга спорт руҳини намоён этгани ва мусобақада фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА