Ватанпарварлик акцияси
Мудофаа вазирлиги томонидан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, Қуролли Кучларимиз тўғрисидаги таассуротларини бойитиш ва ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мудофаа вазирлиги ва бошқа куч тузилмалари, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг шаҳар бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Нурафшон шаҳридаги марказий амфитеатрда ташкил этилган тадбирлар замирида ҳам ана шундай эзгу интилишлар мужассам.
Тадбирда мингга яқин ёшлар миллий армиямизда мавжуд қурол-аслаҳалар билан танишиш имконига эга бўлишди. Ўз олдига ҳарбий хизматчи бўлишни мақсад қилган йигит-қизлар ўндан ортиқ ўқув нуқталарида турли қўшин турлари ва бўлинмаларида фойдаланиладиган ҳарбий техникалар, мажмуалар, ўқотар ва гуруҳ қуроллари, ҳарбий анжомлар намуналари билан яқиндан танишди. Ҳар бир ўқув жойида ёшлар кўргазмага қўйилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг тактик-техник тавсифи, жанговар имкониятлари билан танишиш асносида машғулот раҳбарларидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олди.
Тадбирда янграган дилбар наволар, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.




Шоҳрух САИДОВ,
Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти