Ватанни жўшиб куйловчи шоира
Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова ижодининг гўзал ва ўзига хос жиҳатлари унинг халқона оҳанг, самимият, юксак ватанпарварлик ва куйинчак она тимсоли орқали акс этган мисраларида намоён бўлади. Шоира ўз асарларида инсоний туйғуларни ғоят табиий ва таъсирчан тарзда куйлайди.
Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова билан “Ватан ягонадир, Ватан биттадир” деб номланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир шеърият, маънавият ва Ватанга муҳаббат туйғулари уйғунлашган унутилмас ижодий кечага айланди.
Адабиёт ихлосмандлари, таниқли ижодкорлар, устоз ва шогирдлар, ёш қаламкашлар жам бўлган ушбу учрашувда ўзбек шеъриятининг ёрқин намояндаси Хосият Бобомуродованинг сермазмун ижоди, унинг шеърларидаги халқона оҳанг, она Ватанга садоқат, инсонийлик, меҳр ва фидойилик туйғулари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Хосият Бобомуродованинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, шоира ижодининг халқ қалбига яқинлиги ҳамда унинг шеърияти самимият ва ҳаёт ҳақиқатлари билан суғорилганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-29533]
Эътироф этилганидек, Хосият Бобомуродованинг шеърлари халқнинг юрагидан жой олган. Унинг ижодида Ватан тимсоли она сиймоси билан уйғунлашади.
Ижодий учрашув давомида уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо сўзга чиқиб, шоира ижодидаги маънавий қатламлар, унинг шеърий тафаккури ҳамда адабиётдаги ўзига хос овози ҳақида фикр билдирди. У Хосият Бобомуродова шеърияти бугунги ўқувчини эзгуликка, меҳр-оқибат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Республика “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари, устоз журналист ва публицист Шароф Убайдуллаев, “Ishonch” – “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири, устоз публицист Ҳусан Эрматов, таниқли шоиралар Шаҳодат Исахонова, Гулжамол Асқарова ва бошқалар шоира ижодининг бадиий қудрати, ундаги образлар табиийлиги ва поэтик мушоҳадаларнинг теранлиги ҳақида тўхталиб, Хосият Бобомуродова шеърлари миллий адабиётимизнинг маънавий хазинасидан муносиб ўрин эгаллаганини таъкидлади.
Адабий анжуманда ижодкорлар устоз шоира Хосият Бобомуродова шеърларида аёл қалби, она меҳри ва ҳаёт синовлари ниҳоятда таъсирчан ифода этилганини, инсоний фазилатларни улуғлаш етакчи ўрин тутишини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда шоира ижодининг аёллар маънавияти ва оила қадриятларини тарғиб этишдаги ўрни ҳақида фикр юритилди. Ёзувчи Шаҳодат Исахонова ва шоира Гулжамол Асқарова эса Хосият Бобомуродова билан боғлиқ ижодий хотиралари, адабий суҳбатлари ҳамда шоира шахсиятига хос самимият ҳақида илиқ мулоҳазалар билдирди. Тадбир давомида шоиранинг қизи Садоқат Бобомуродова ҳам сўзга чиқиб, онасининг ижод жараёнлари, оиладаги фазилатлари, инсоний қиёфаси ҳақида самимий хотиралари билан ўртоқлашди. Ушбу чиқиш тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Ижодий кечада ёш ижодкорлар томонидан шоира шеърларидан намуналар ўқилди. Айниқса, она юрт ва инсон қадри улуғланган шеърлар тингловчилар қалбида ҳаяжон уйғотди.
Тадбир давомида Хосият Бобомуродованинг ижод йўли, адабиётдаги хизматлари, шеъриятидаги маънавий-эстетик қарашлар ҳақида батафсил фикр алмашилди. Шоира қаламига мансуб шеърлар янграр экан, ундаги ҳаётийлик, халқона ҳикмат ва самимий кечинмалар яна бир бор адабиётнинг инсон қалбини тарбияловчи буюк куч эканини намоён этди.
“Ватан ягонадир, Ватан биттадир” деб номланган ушбу ижодий учрашув шеърият ва маънавият байрамига айланди. Учрашув қатнашчилари қалбида Ватанга муҳаббат, миллий адабиётга ҳурмат ва ижодга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади. Мазкур адабий анжуман ўзбек шеъриятининг юксак анъаналари давом этаётганини, устоз ижодкорлар мероси ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини яна бир бор тасдиқлади.
Н.Усмонова,
Ў.Ҳайитов (суратлар),
ЎзА мухбирлари