Ватанга қасамёд – муқаддас бурч
Ватанга ситқидилдан хизмат қилиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, муқаддас мажбуриятга, айни чоғда нуфузли касбга айланди.
Миллий армиямизни профессионал асосда шакллантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ёшларимизда ҳарбий хизматга бўлган интилиш тобора юксалмоқда.
ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўз хизмат бурчини ўтаётган йигитлар юз-кўзида ҳам ана шундай мамнунлик, фахр туйғулари порлади. Шодиёнага айланган навбатдаги Ватанга қасамёд қабул қилиш тадбири уларни масъулият билан ўз юртига хизмат қилишга ундайди.
Тантанали тадбирга республикамизнинг турли ҳудудларидан ота-оналар ва меҳмонлар жам бўлди. Муддатли ҳарбий хизматчилар она юртимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлигини ҳимоя қилишга, мустақилликни мустаҳкамлашга, сарҳадларимизни кўз қорачиғидек асрашга тантанали қасамёд қилди.
Бу лаҳзаларни кузатиб турган ота-оналар кўзида қувонч, шодлик балқди, фарзандларини ифтихор билан олқишлади. Ҳарбий оркестр оҳанглари остида майдонга (жанговар) Давлат байроғи олиб кирилди. Шахдам қадамлар билан саф тортиб ўтган йигитлар сарҳадларимиз дахлсизлиги мустаҳкам эканини ифода этди. Сўзга чиққанлар миллий армиямизни модернизация қилиш, унинг салоҳияти ва жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, Ватанимиз сарҳадларини ҳимоялашда ҳарбий қисмларнинг сафарбарликка доимий равишда тайёрлиги ва ҳаракатчанлиги ошаётганини қайд этди. Ҳарбий қасамёд – мард ўғлон лафзи. Аҳдига содиқ ўғлонлар ва уларнинг ота-оналари буни тадбир давомида чуқур ҳис этди.
– Ўғлимнинг улғайганини ҳис этдим, қалбим фахрга тўлди, ғурурландим, – дейди аскар онаси Гулчирой Тўраева. – Йигитлик бурчини ўтаётган йигитлар орасида фарзандим борлигидан жуда хурсандман. Ҳар бир она фарзанди эл-юрт корига ярасин, деб ният қилади. Ўғлим, фарзандим каби ўғлонлар биз, ота-оналарнинг юзини ёруғ қилишига ишонаман.
Ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Намунали хизмат ўтаётган бир гуруҳ йигитларга олий таълим муассасаларига киришда имтиёз тақдим этувчи тавсиянома топширилди. Байрам тадбирида концерт дастури намойиш этилди.
Б.Мелиқулова, ЎзА