Ватанга қасамёд - абадий бурч ва садоқат рамзи (+видео)
Пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетига янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд қилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Марказий девон офицерлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, Университет раҳбарияти, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ҳар бир аскар ўз бурчига садоқат билан хизмат қилишга сўз бериб, уларга Президент совғалари топширилди. Қасамёд якунида давлат мадҳияси муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жўр бўлиб ижро этилди. Шундан сўнг, меҳмонлар томонидан табрик сўзлари билдирилди. Унда ёш ҳарбий хизматчиларга Ватанга садоқат, хизматга масъулият ва фидойилик тилаклари билдирилди. Ота-оналар номидан сўзга чиққанлар фарзандларининг шарафли хизмат йўлига қадам қўяётганидан фахрланишларини таъкидладилар. Муддатли ҳарбий хизматчилар номидан билдирилган нутқда эса, “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламиз!” деган қатъий шиор янгради.
Тадбирнинг бадиий қисмида университет курсантлари томонидан Амир Темур сиймосига бағишланган саҳна кўриниши ҳамда қўл жанги усуллари, қурол билан бажариладиган махсус чиқишлар намойиш этилди. Ҳарбий оркестр ижросида “Миллий гвардия” қўшиғи янграб, тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли бугун Армиямиз ёшлар учун ҳақиқий ҳаёт мактабига айланган. Муддатли ҳарбий хизмат давомида аскар фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик билан чекланиб қолмайди. Мамлакат эртаси бўлган ёшлар келгусида жамиятда мустаҳкам ўрин топиши учун алоҳида касбга тайёрлаш босқичидан ҳам ўтадилар. Аскарларни бу имтиҳонларга университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари тайёрлайди.
Ёш аскарларимизга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида мустаҳкам соғлиқ, матонат ва юксак руҳ тилаймиз. Юртимиз тинчлиги йўлида олиб бораётган шарафли хизматларингизда сизларга омад ва зафарлар ёр бўлсин!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Xn7QlTLcgnI?si=iYBrV53y2nhwn7-v" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА