Ватан меҳри, юрт тафтини ҳис этиш энг катта бахт
Аввал хабар берганимиздек, мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари ва таниқли санъаткорлардан иборат делегация Россия Федерациясининг Новосибирск ва Томск вилоятларида бўлиб, у ерда ишлаётган меҳнат мигрантлари ҳамда ватандошларимиз учун маданий дастурлар ташкил этди.
Делегация томонидан Сибир федерал округининг Забайкал ўлкасидаги “Удокан” тоғ-кон металлургия комбинатида ўтказилган тадбир ҳам бу ерда меҳнат қилаётган юртдошларимизга ажойиб байрам совғаси бўлди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Ж.Тўраев, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Т.Раҳмонов олисдаги юртдошларимизни улуғ байрам билан табриклаб Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами, фуқароларимиз қай юртда бўлмасин доимо Давлатимиз раҳбари эътиборида экани ҳақида атрофлича сўз юритди. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган учрашувда кўплаб фикр ва таклифлар ўртага ташланди. Меҳнат мигрантлари делегация раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлари ва мурожаатларини йўллади.

Тадбирда янграган миллий куй-қўшиқлар, гўзал тароналар олисларда меҳнат қилаётган ватандошларга ўзгача завқ улашди. Анчадан буён оиласи ва яқинларини соғингани боис миллиц қўшиқ, бахшиёна айтилган термалар соғинч туйғуларининг ҳовурини босгандай бўлди. Бир пиёла чой устида қилинган суҳбатлар хориждаги юртдошларимиз кўнглини тоғдек кўтарди.

Мароқли учрашувдан Она ватан соғинчига тўлган қалблар хотиржам тортди. Тадбир ватан меҳри ва юрт тафтини янада чуқурроқ ҳис этиш имкониятини яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА