Ватан ҳимоясига йўл қаердан бошланади?
Ватанга хизмат қилиш деганда нимани тушунамиз? Бу фақат ҳарбий либос кийиш ёки сафда тик туришдан иборатми?
Аслида, юртга садоқат аввало билим олишдан, интизомдан, масъулиятни ҳис қилишдан ва берилган ваъдага содиқ қолишдан бошланади.
Амир Темур хиёбонида ана шундай ният билан юзлаб ёшлар сафга тизилди. Миллий гвардиянинг “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейлари ўқувчилари Ватанга садоқат рамзи сифатида тантанали ваъда бердилар.
Амир Темур хиёбони халқимиз учун тарих ва миллий ғурур билан боғлиқ қутлуғ маскан. Шу боис бу ерда берилган ваъданинг мазмуни ҳам оддий эмас. Бугун ҳарбий либосда сафда турган ўғил-қизлар олдида янги ўқув йўли, янги мақсадлар ва катта масъулият турибди.

Тантанали маросимда ёшларга мурожаат қилган масъул раҳбарлар уларни ушбу муҳим кун билан табриклаб, таълим ва келгуси фаолиятида муваффақият тилади. Ота-оналар учун эса бу кун фарзандининг катта ҳаёт сари ташлаган илк жиддий қадамларидан бири бўлди.
Чунки бу ерда гап фақат ҳарбий касб ҳақида эмас. Интизомли, билимли, мустақил фикрлайдиган ва ўз ишига масъулият билан қарайдиган ёшларни тарбиялаш ҳақида кетмоқда.

Бу таълим масканларидаги натижалар ҳам бугунги талаблар ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Жорий йилда “Темурбеклар мактаби”ни тамомлаган 156 нафар битирувчининг 154 нафари олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу 98,7 фоизлик кўрсаткич демакдир.
Ҳарбий мусиқа академик лицейида эса натижа янада юқори — 32 нафар битирувчининг барчаси олий ҳарбий ва олий таълим муассасалари талабаси ёки курсант бўлди. Яъни қабул кўрсаткичи 100 фоизни ташкил этди.
Рақамлар ортида эса ҳар бир ёшнинг меҳнати, устозларнинг изланиши ва ота-оналарнинг ишончи бор. Зеро, яхши натижа бир кунда келмайди. Бунинг ортида кундалик дарс, машғулот, интизом ва мақсад сари қатъият билан интилиш туради.
Ота-оналар номидан сўз олганлар ҳам фарзандларига яратилаётган имкониятлар, таълим-тарбияга қаратилаётган эътибор ва уларнинг келажаги учун берилаётган имкониятларни алоҳида таъкидладилар.
Маросимнинг бадиий қисми ҳам ёшларнинг ҳарбий ва ижодий салоҳиятини намоён этди. Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиларининг “Зарбли чолғулар ансамбли” дефиле чиқиши тадбирга ўзига хос руҳ бағишлаган бўлса, “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг қўл жанги бўйича намойишлари уларнинг жисмоний тайёргарлигини кўрсатди.
Бугун улар ваъда бердилар. Энди энг муҳими — ана шу ваъдани ҳар куни ўз ўқиши, интизоми ва амалий ишлари билан исботлаш.
Нигора Раҳмонова, ЎзА