Ватан фидоийлари унутилмайди!
Муносабат
Мустақиллик йилларида Ватанимизнинг миллий истиқлоли, халқимиз озодлиги учун курашиб, жон фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ва тадқиқ этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

2021-2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланди. Ҳудудларда Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди. Уларга ташриф буюрган аҳоли, ёш авлод вакиллари, хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган фуқаролар ватанимиз тарихининг оғриқли, қонли кунларини ва жадид боболаримизнинг Ватан озодлиги йўлидаги шонли курашлари, улар ғоялар ҳамон яшаётганлиги ва бугунги авлод томонидан амалга оширилаётганлиги хусусида билимлар ва хулосалар олмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” қарори тарихий аҳамиятга эга бўлди. Қарор мазмунида ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий томондан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагиra дахлдорлик туйғуси, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш мақсад қилиб қўйилган.

Қарорга кўра, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш белгилаб қўйилди. Шунингдек, халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги кўп асрлик мардона кураши, бу йўлда сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувларини ўтказиш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари фондларини мунтазам бойитиб бориш, уларда янги экспозиция ва кўргазмалар ташкил этиш ҳамда бу борада замонавий рақамли технологиялар ва мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш ва бошқа муҳим вазифалар ҳам белгиланди. Шу билан бирга, спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш, аудиовизуал маҳсулотлар тайёрлаб, уларни интернет тармоғида оммалаштириш, шунингдек, фойдаланувчилар ўртасида турли танлов, мусобақа ва акциялар ўтказиш назарда тутилгани қувонарлидир.

Бу борада Урганч Давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи 2018 йил 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”дан ўз фаолиятини бошлаган. Музей ташкил қилинганидан буён сайёҳ, меҳмонлар, мактаб ўқувчилари ва талабалари, кенг жамоатчилик вакилларининг севимли масканига айланиб, 46 мингдан зиёд кишилар ташриф буюрди. Хорижий ва маҳаллий меҳмонларга Ватанимиз тарихининг шонли ва қайғули саҳифалари, жадид боболаримизнинг ҳур Туркистон орзуси йўлидаги курашлари тарғиб этилди.
Музейда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш ишлари узлуксиз давом этиб, музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида Республика муассасалари ва Хоразм вилоятидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ўтказилди ва кўргазмалар ташкил қилинди.

Ҳозирда, Хоразм вилоятидан қатағон қурбонларининг сони 4000 нафарга яқини аниқланди. Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси хиёбонига ўрнатиладиган Рамзий китобга хоразмликларнинг исм-шарифлари киритилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда сиёсий қатағонлар қурбони бўлган ҳуқуқ тартибот ходимларини аниқлаш, уларнинг пок хотираларини тиклаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилди ва изланишлар натижасида “Тарихий хотира беқиёс” номли икки жилдли китоб нашр этилди.
Мазкур қарор тарихий аҳамиятга эга бўлиб, мустабид тузум даврида қатағон қурбони бўлган бегуноҳ ватандошларимизнинг пок хотираларини оқлашга хизмат қилади. Жамият аъзолари, ёш авлодни тарихдан сабоқ олишга, Ватан мустақиллигини кўз қорачиғидай асраш, эгалик қилиш улкан бахтлигини англашга ундайди.
Юлдузхон Раҳмонова,
Урганч Давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент.