UZEX “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинацияси ғолиби бўлди
“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (UZEX) 2025 йил якунлари бўйича “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб деб топилди. Ушбу эътироф биржанинг корпоратив бошқарув тизими юқори самарадорлик билан йўлга қўйилганини тасдиқлайди.
Мазкур тизим акциядорлар ва менежмент манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш, фаолият шаффофлигини ошириш, бизнес жараёнларини такомиллаштириш ҳамда барқарор ривожланишга хизмат қилади.
Жамият ахборот хизматига кўра, бугунги кунда UZEX мамлакатдаги йирик савдо майдонларидан бири бўлиб, электрон тижорат соҳасида 9 та тизим бўйича фаолият юритмоқда. Биржа инфратузилмаси 14 та ҳудудий филиал, 300 дан ортиқ савдо майдончалари ва хориждаги 50 та майдончани ўз ичига олади. Тизимда 500 мингдан ортиқ иштирокчи хизматлардан фойдаланмоқда.
Компаниянинг барқарор молиявий кўрсаткичлари, юқори рентабеллиги ва дивиденд тўловларининг изчил ўсиши UZEXнинг инвесторлар орасидаги жозибадорлигини ошириб келмоқда. Биржа акциялари фонд бозорининг “Премиум” тоифасига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу эътироф Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (NAII) томонидан 2025 йил якунлари бўйича ташкил этилган тақдирлаш маросимида маълум қилинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА