“UzChess Cup 2026”: Мадаминов-Ёқуббоев "жанги"га гувоҳ бўламиз
Тошкентда шахмат бўйича ўтказилаётган “UzChess Cup 2026” халқаро турнири "ақл гимнастикаси" ишқибозларига шахматнинг ўзига хос жозибасини тортиқ этмоқда.
Кеча “Masters” гуруҳида ўтган 3-тур ўйинларининг 4 тасида дуранг, 1 тасида ғалаба қайд этилди.
Маҳоратли шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов ушбу турда оқ доналарда ўтган 2 та турда ғалаба қозонди. У турнир жадвалида етакчилик қилаётган Муҳиддин Мадаминовни мағлубиятга учратди ва очколари сонини 1,5 тага етказиб олди.
3-турнинг қолган тўқнашувлари - Видат Гужрати (Ҳиндистон) - Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон), Николас Теодору (Греция) - Ян Непомняший (Россия), Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон) - Нейманн Ханс Моке (АҚШ), Шахриёр Мамедяров (Озарбайжон) - А.Эригаиси (Ҳиндистон) ўртасидаги курашларда муроса йўли танланди.

Халқаро мусобақанинг “Challengers” гуруҳида ортда қолган 2 та тур ўйинларидан кейин озарбайжонлик Махаммад Мурадли, туркманистонлик Сапармурат Атабаев ва америкалик Брэндон Жейкобсон 1,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ҳамюртларимиз Жаҳонгир Воҳидов ва Муҳаммадзоҳид Суяров 1 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 6-7-ўринларда ҳаракатланмоқда.

“Futures” гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Бекмуратов 2 та тур якунларига кўра, 2 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. Уни таъқиб этаётган 3 нафар шахматчи ҳисобида 1 очкодан мавжуд.
“Open” гуруҳида 141 нафар шахматчи дона сураётган бўлса, 6 нафар қатнашчи 3 очко билан пешқадамликни давом эттирмоқда.

Бугун, 10 июнь куни умумий мукофот жамғармаси 121 500 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг “Masters” гуруҳида Н.Абдусатторов қора доналарда Ян Непомняший билан куч синашса, Шамсиддин Воҳидов қора доналарда Николас Теодору билан, Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда Нодирбек Ёқуббоев билан рўбарў келади.
Мусобақалар 15 июнгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА