“Uzbekistan Airways”: янги рейслар қўйиш таклифлари билдирилди
Андижон шаҳрида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан акциядорлик жамияти мутасаддилари, авиакомпаниянинг бошқарма ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари, “Андижон” халқаро аэропорти масъуллари, оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик, аҳоли вакиллари, шунингдек, жамият билан ҳамкорликда иш олиб борувчи тадбиркорлар иштирокида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди.
Тадбир очилишида мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар самараси, соҳа фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Аҳолининг авиакомпания фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган сайёр қабул давомида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг тижорат ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Шуҳраттилло Ядгаров бошчилигидаги мутасаддилар фуқароларнинг бир қатор мурожаат ва таклифларини тинглади.

Унда авиакомпания чипталари нархини арзонлаштириш, чипталарни харид қилиш тизимини соддалаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, Андижондан юртимизнинг – Самарқанд, Бухоро, Урганч каби тарихий шаҳарларига рейслар қўйиш, авиакомпания тизимига ишга кириш каби қатор масалалар бўйича мурожаат ва таклифлар бўлди.

Авиакомпания раҳбарияти томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар, ички йўналишлар бўйича рейслар қўйиш имкониятлари кўриб чиқилиши билдирилди, шунингдек, тизимга ишга кириш тартиблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, янги халқаро йўналишларда ҳам парвозларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда “Андижон” халқаро аэропортида ҳам кенг кўламли қурилиш, реконструкция ишлари амалга оширилди.

Жумладан, “Андижон” халқаро аэропорти ҳудудида халқаро талабларга мос учиш-қўниш йўлаги, самолётлар учун тўхташ жойи қурилиб, ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатилди.

Шунингдек, аэропортда ноқулай об-ҳаво шароитида ва тунги вақтларда ҳам парвозлар қилиш ҳамда барча русумдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконияти яратилди, халқаро йўналишлар бўйича рейслар қўйилди. Аэропортнинг йўловчи ўтказувчанлик имконияти, парвозлар сони ортди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.