"Uzbek school"да ўзбекча ўрганамиз (+видео)
Бугунги кунда хорижлик фуқаролар, дипломатлар ва тил ўрганувчилар учун ўзбек тилини тизимли ўргатиш ҳамда ўзбек маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш таълим муассасаларининг энг асосий вазифаларидан бирига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Қайси олий даргоҳни олмайлик, хорижлик талабаларни учратамиз, таълим муассасаларида хорижлик талабаларнинг таълим олишлари учун алоҳида шарт-шароитлар яратиш билан бир қаторда, уларга тизимли давлат тилини ҳам ўргатиш йўлга қўйилмоқда.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижлик фуқаролар учун фаолият юритаётган Uzbek school ҳам айнан хорижлик фуқаролар, дипломатлар ва тил ўрганувчилар учун ўзбек тилини тизимли ўргатиш ҳамда ўзбек маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишни мақсад қилган.
Лавҳамиз давомида ушбу мактабда хорижлик тингловчиларнинг ўзбек тилини ўзлаштириш даражасини турли ўйин ва мусобақалар орқали кўрсатиб беришаётганига гувоҳ бўлдик.
Таъкидланишича, мактаб очилганидан бугунги кунга қадар, университет қошида фаолият юритаётган хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш курсларида 2000 дан ортиқ чет эл фуқаролари, жумладан, Корея, Хитой, АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Франция каби давлатлар фуқаролари ўзбек тилини муваффақиятли ўрганишган.
Шунингдек, ушбу мактаб юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет элликлар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришни мақсад қилиб олганликлари алоҳида таъкидланди.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов,
С.Обиджонов. ЎзА