Уйимиздаги файз маҳалладан бошланади
Бугунги кунда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 70 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 323 минг 60 аҳоли истиқомат қилади. Мазкур туман маҳаллаларида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” лойиҳаси асосида амалий иш жараёнлари олиб борилмоқда.
Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги томонидан мазкур туман маҳаллаларига пресс-тур ташкил этилди.
Ижодкор маҳалласидаги икки қаватли 12 та кўп хонадонли уйларнинг том қисми капитал таъмирланган. Маҳалла ҳудудида замонавий борлалар майдончаси ва мини футбол майдонлари барпо этилмоқда. Маҳалла ҳудудидан 20 тонна қурилиш ва маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилди. 200 кб.м канализация тармоқлари тортилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 6000 кВли трансформатор ўрнига 10000 кВли трансформаторлар ўрнатилди. Айни дамда куз-қиш мавсумида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйлар фасад қисмига яшилликни татбиқ этувчи суратлар чизилиб, биноларнинг фасад қисми тартибга келтирилди.
Маҳалла болалари учун болалар майдончалари, воркаут майдонлари ва мини футбол майдони қуриб битказилди. Аҳолининг мароқли дам олишлари учун Wi-Fi зоналар ташкил этилиб, замонавий ёзги кинотеатр майдони бунёд этилмоқда. Шунингдек, ўзига хос замонавий айвончалар ташкил этилган.
Маҳалла ҳудудига 200га яқин ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА