“Уйғонганимдаёқ чарчаган бўламан”: жазирамада тирикчилик қилиш қанчалик қийин?
Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё шаҳарларида норасмий секторда ишловчи ишчилар учун жазирама меҳнат шароитларини янада оғирлаштирмоқда, чунки улар кўпинча соя, совутиш тизимлари ва тиббий ҳимоя воситаларисиз узоқ вақт давомида очиқ ҳавода ишлашга мажбур бўладилар.
Ҳиндистонлик Жалож Жҳа ҳар куни эрталаб ишга тайёргарлик кўришни бошлаши биланоқ ўзини ҳолдан тойгандек ҳис қилади. Деҳлидаги ҳаво айланмайдиган, фақат қизиб кетган ҳавони айлантириб турувчи ғижирлаган вентилятор ўрнатилган тор хонада уйғонган 24 ёшли Жаложни олдинда озиқ-овқат етказиб бериш билан боғлиқ 12 соатлик иш куни кутиб туради.

– Бу иссиқда атига уч-тўрт соат ухлай оламан холос, -дейди у етказиб беришда фойдаланадиган мотоциклининг чангини артар экан. – Уйғонганимдаёқ чарчаган бўламан, гўё танам мени орқага тортаётгандек.
Ҳали соат эрталабки 7:00 бўлишига қарамай, ҳаво ҳарорати аллақачон 30°C га етган – бу кун давомидаги энг паст ҳарорат. Кундузи эса ҳарорат 45°C дан ҳам ошиб кетиши мумкин. Шу ҳафта Деҳли сўнгги икки йил ичидаги энг иссиқ май кунини ва сўнгги 14 йилдаги энг илиқ май кечасини қайд этди.

АҚШда жойлашган халқаро “Халқ жасорати” ташкилотининг (PCI) Деҳли, Дакка, Катманду, Жакарта ва Кесон-ситида олиб борган тадқиқотларига кўра, тунги ҳароратнинг ошиб бориши ҳамда “шаҳар иссиқлик ороли” эффекти – яъни, зич қурилган шаҳарларда иссиқликнинг тўпланиб қолиши – миллионлаб норасмий ишчиларни янги иш куни бошланишидан олдинроқ ҳолдан тойдирмоқда.
Ҳайдовчилар, қурилишдаги ишчилар ва кўча савдогарлари каби одамлар учун тор, шамоллатиш тизими йўқ ёки электр таъминоти ишончсиз бўлган уй-жойларда ҳатто ухлашнинг ўзи ҳам мушкуллашиб бормоқда. Дам олиш ва совиш имкониятининг йўқлиги иссиқлик билан боғлиқ касалликларни кучайтириб, меҳнат унумдорлигини пасайтирмоқда ва аллақачон оғир аҳволдаги ишчиларни янада чуқур иқтисодий қийинчиликка етакламоқда.

Таъкидланишича, Жанубий Осиёда иқлим ўзгариши туфайли муссон олдидан кузатиладиган иссиқ тўлқинлар эҳтимоли уч бараварга ошиши кутилмоқда. Ўтган ойда 15 кун давом этган ва ҳалокатли оқибатларга олиб келган иссиқ тўлқин шулар жумласидан. Олимларнинг фикрича, минтақанинг катта қисмида тунги ҳарорат кундузги ҳароратга нисбатан тезроқ ошиб бормоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Осиёда ишчи кучининг 70 фоиздан ортиғи иш жараёнида ҳаддан ташқари иссиқлик таъсирига дуч келади. Энг кўп хавф очиқ осмон остида ишловчилар ҳиссасига тўғри келмоқда, чунки улар куннинг энг қайноқ паллаларида ҳам қуёш тиғида меҳнат қилишга мажбур. Бу айниқса, меҳнат бозорининг қарийб 90 фоизи норасмий сектордан иборат бўлган Ҳиндистон каби мамлакатларда катта муаммо ҳисобланади.

Мутахассислар минтақа шаҳарлари кучайиб бораётган иссиқ тўлқинларига ҳали етарлича тайёр эмаслигини айтмоқда. Айрим ҳукуматлар, жумладан Деҳли маъмурияти, иссиқликка қарши ҳаракат режалари ва огоҳлантиришлар, сув тарқатиш нуқталари, эрта огоҳлантириш тизимлари ҳамда куннинг энг иссиқ пайтида ташқи ишлар жадвалини ўзгартириш бўйича кўрсатмалар жорий этган. Бироқ тадқиқотчиларнинг фикрича, бу чоралар асосан реактив тусга эга бўлиб, ўта иссиқ шароитда яшаб, ишлаб келаётган ишчилар эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олмайди.
PCI ҳисоботига кўра, мазкур беш шаҳарда 2 200 дан ортиқ ишчилар ўртасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг қарийб ҳар ўн нафаридан саккизтаси кучли иссиқлик уларнинг турмуши ёки даромадига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган. Ишчилар тўлиқ сменада ишлай олмагани сабабли даромад йўқотаётгани, сув, дори-дармон ва транспорт учун кўпроқ маблағ сарфлаётгани, шунингдек, узоқ вақт очиқ ҳавода ишлаш оқибатида бош оғриғи, бош айланиши ва чарчоқдан азият чекаётганини билдирган.

– Иссиқликнинг таъсири бирдан сезилмайди, аммо аста-секин организмга зарар етказади, -дейди PCI тадқиқотчиси Амина Кидвай.
Унинг айтишича, ишчилар иссиқлик таъсирини ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида – уйда, ишда, қатнов пайтида, ҳатто руҳий ҳолати ва жамоа билан муносабатларида ҳам ҳис қилмоқда.
Гуруграм шаҳрида яшовчи 32 ёшли сабзавот сотувчиси Ажай Кумар ҳар куни улгуржи бозордан 7 километр узоқликдан маҳсулот олиб келиш учун сабзавот ортилган уч ғилдиракли рикшани тирбанд кўчалар орқали тортиб юришга мажбур.

– Деярли ҳар куни иссиқдан бошим айланади, лекин оилам учун ишлашдан бошқа иложим ҳам йўқ, -дейди тўрт нафар фарзанди бор Кумар.
Тадқиқотчилар бу кучайиб бораётган толиқиш ҳолатини “тикланиш етишмовчилиги” деб аташмоқда. Бунда ишчилар ҳар янги кунни аллақачон жисмонан ҳолдан тойган ҳолда бошлайди. Уларнинг фикрича, уйқу етишмаслиги нафақат меҳнат унумдорлигининг пасайиши ва соғликнинг ёмонлашишига, балки хавотир ва руҳий чарчоқнинг кучайишига ҳам олиб келмоқда.

Тўрт йил аввал иш излаб Бихар қишлоғидан кўчиб келган Кумар рафиқаси ва фарзандлари билан шамоллатиш тизими бўлмаган, фақат занг босган вентилятор ўрнатилган тор хонада яшайди. Унинг айтишича, ўтган йил ёзда совутгич сотиб олмоқчи бўлган, аммо бунга қурби етмаган.
– Кунига аранг 300-400 рупий (3–4 доллар) топаман. Пулнинг асосий қисми оиламни боқишга кетади, -дейди у. – Ўзим билан доим сув олиб юраман ва бошимни ҳўллаб тураман. Шу озгина бўлса-да енгиллик беради, -дейди у.
Ў.Алимов, ЎзА