Қуёш энергетикаси имкониятлари
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда масъул вазирлик ҳамда идоралар, бизнес субъектлари вакиллари, олимлар иштирок этди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда масъул вазирлик ҳамда идоралар, бизнес субъектлари вакиллари, олимлар иштирок этди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар энергия ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 5 майдаги «2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Унда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг энергия сарфини пасайтириш, муқобил энергия манбаларини тезкор ривожлантириш, замонавий энергия тежайдиган ускуналар, мосламалар ва материаллар турлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, янги биноларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишда энергия самарадорлигини таъминлаш ушбу йўналишдаги ишларнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқлим шароитлари бўйича қуёш энергиясини ривожлантириш учун ўзига хос қулай имкониятларга эга. Юртимиз йил давомида кузатиладиган қуёшли кунлар сони бўйича жаҳондаги кўплаб минтақалардан юқорида туради. Бундан ташқари, мамлакатимиз салмоқли илмий-техник база, қуёш энергиясини лойиҳалаштириш ва қўллаш бўйича катта ҳажмдаги конструкторлик ва технологик ишланмалар, шунингдек, тажриба ўтказишга доир юқори малакали кадрларга эга.
Мамлакатимизда жисмонан ва маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини замонавий энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шамол, қуёш, гидроэнергетика сингари муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, интеграциялашган қуёш-иссиқлик электр станцияларини жорий этишни янада кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан мазкур йўналишда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда қатор анжуманлар, ўқув-семинарлар ташкил этилиб, муқобил энергия манбалари ва бошқаларни жорий этиш, энергия тежайдиган технологияларни қўллаш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давра суҳбатида муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, илм-фан ва бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.