“Устозликда топдим қадримни“
Алишер Навоий номидаги киносаройда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан “Ўзбеккино“ миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган ҳужжатли фильмлар тақдимоти ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги киносаройда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан “Ўзбеккино“ миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган ҳужжатли фильмлар тақдимоти ўтказилди.
Шарафли касб эгалари – ўқитувчилар фаолияти, уларнинг ҳаёти ва турмуши, педагогика соҳасидаги ўсиш-ўзгаришлар, ижобий силжишларни ўзида қамраб олган, Муроджон Одилов режиссёрлигида суратга олинган “Устозликда топдим қадримни“ ҳужжатли фильми жамиятимизда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод орасида мазкур касбга қизиқишни янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида эътибор қаратилган масалаларга алоҳида урғу берилган.
Фильм қаҳрамонлари юртимизнинг турли ҳудудларидан танлаб олинган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Бухорода шарафли касб билан шуғулланаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси“ кўрик-танлови ғолибларидир. Ушбу фидойи устозлар ҳаёти ва фаолияти мисолида мактаб даври, ўқитувчилик касби, муаллимларга берилган қирқ беш дақиқанинг қадрини очиб бериш мақсад қилинган. Сўнги йилларда ўқитувчилар нуфузини ошириш, уларга қилинаётган ғамхўрлик ва яратилаётган шарт-шароитлар, эътиборга молик имтиёзлар, ойлик-маошлар, ижтимоий рағбатлар кўрсатиб берилган.
Жумладан, фильмдаги бухоролик ўқитувчи Бекзод Бековнинг олий ўқув юртига ўқишга кириш учун кун-у тун тайёргарлик кўргани, битта умумий дафтарни тўлдирмагунча мисол ва масалаларни тўхтамай ёзгани томошабин, айниқса, ёш авлод учун ибрат бўла олади. Кейинчалик айрим сабабларга кўра унинг бу касбни ташлаб кетиши, оғир ҳаёт кечириши, ниҳоят устозининг далдаси ҳамда талаби билан мактабга қайтиши таъсирчан ҳикоя қилинган.
Анвар Намозов ҳамда Муроджон Одилов сценарийси асосидаги ушбу ҳужжатли фильмдан сўнг “Самарқанд – қадимий шарқ дурдонаси“ ҳужжатли фильмининг ҳам тақдимоти ўтказилди.
Самарқанд азал-азалдан “Шарқ гавҳари“, дея эътироф этиб келинади. Фильмда Самарқанднинг қадимий тарихи ҳамда сўнгги йилларда шаҳарда бўлаётган ўзгаришлар, янги қурилган объектлар, туризм соҳасида эришилаётган ютуқлар борасида сўз юритилади.
Фильм Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳиятини 2018-2019 йилларда янада ривожлантириш, обрўйини бутун жаҳонга кўтариш мақсадида қабул қилинган қарорига мувофиқ режиссёр Жасур Исҳоқов томонидан суратга олинган.