Устозларга эҳтиром кўрсатилди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида устозларни ёд этиш, улардан ҳол-аҳвол сўраш, дуосини олишнинг ўзига хос файзи бор. Зеро, йиллар ўтади, замонлар ўзгаради. Аммо инсоннинг камол топишига йўл кўрсатган, унга касб сирларини ўргатган устозга бўлган эҳтиром ўзгармайди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар – Абдулла Аҳмедов, Абдуҳамид Сарибоев, Йўлчи Жўраев, Тошқул Бекназаров, Пардабой Тожибоев ва Олтиной Рустамоваларнинг хонадонларида бўлиб, ҳолидан хабар олинди.
Фахрийларга эътибор рамзи сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Аммо бу ташрифнинг қадри совға-саломда эмас. Унинг асл маъноси бир умр касбига садоқат билан хизмат қилган инсонларни йўқлаш, уларга меҳр кўрсатиш, “Сизни унутмадик, меҳнатингиз қадрли”, деган самимий туйғуни билдиришда.
Ахир, бугун қалам тутиб, журналистикада ўз ўрнини топаётган кўплаб ижодкорларнинг фаолиятида фахрийларнинг ҳиссаси бор. Уларнинг газеталарда қолган мақолалари, эфирларда янграган сўзлари, таҳририятларда айтган танбеҳ ва маслаҳатлари ёшларнинг камолга етишида асқатмоқда.
Хонадонлардаги суҳбатларда ўтган йиллар, касб машаққатлари, журналистик изланишлар, устоз-шогирд анъаналари ҳақида гаплашилди. Бундай суҳбатлар баъзан бир неча китобдан олинадиган сабоқдан ҳам таъсирли. Чунки унда йиллар синовидан ўтган ҳаётий тажриба, касбга садоқат ва инсон тақдири бор.
[gallery-31679]
– Қайси соҳа вакили бўлмасин, узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугун уйида кексалик гаштини сураётган кишини шогирдлари, ёш ҳамкасблари сўраб келишса, боши осмонга етади. Гап нимадир совға қилишда эмас. Гап улар билан ўтириб, бирозгина гурунглашишда. Устозлар ёшларда ўз ёшлигини кўради. Берган сабоқлари зое кетмаганига гувоҳ бўлади, – дейди фахрий журналист Тошқул Бекназаров.
Фахрий журналистларни йўқлашнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бугун ахборот оқими ниҳоятда тезлашган, журналистика воситалари ўзгарган бир пайтда касбнинг асл мезонлари ўзгармай қолмоқда. Холислик, масъулият, сўзга эҳтиёткорлик, халқ дардини эшитиш ва жамият олдидаги бурчни ҳис этиш устозлардан шогирдларга ўтадиган энг катта мерос қадриятдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири