Устоз журналист хотирланди
Сирдарё вилоят ахборот- кутубхона марказида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилоятининг энг фидойи ва халқпарвар журналистларидан бири Эргаш Халилов хотирасига бағишланган маърифий-маданий тадбир бўлиб ўтди.
Марҳум устоз журналистнинг шогирдларидан бири, журналист Жумабой Қосимов Эргаш Халиловнинг ҳаёт йўли, ижодий мероси ва инсоний фазилатлари ҳақида маъруза қилди.

Эргаш Халилов 1948 йили Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. 1972 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Гулистон” газетасида мусаҳҳиҳ сифатида бошлаган. 1978 йилдан 2013 йилгача "Янгиер ҳаёти", "Гулистон янгиликлари" — "Гулистанский новости" газеталарида бош муҳаррир бўлиб фаолият юритган.
Самарали меҳнати, юқори масъулияти ва одамлар билан бўлган самимий муносабати уни ўқувчилар ва ҳамкасблар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор этди. Устознинг журналистик мактабида тарбияланган кўплаб шогирдлар бугун ҳам соҳа фидоийлари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Фахрий журналистлар, шогирдлари ўз чиқишларида Эргаш Халиловнинг самимийлиги, камтарлиги ва раҳбар сифатидаги инсонпарварлик фазилатларини эслашди. Уларнинг таъкидлашича, Халилов ўз шароитини эмас, жамоасини ўйлар, давлат томонидан берилган коттеж уйларни ҳам ҳамкасбларига бериб, фидоийлик намунасини кўрсатган эди.
Тадбир якунида марҳум устоз хонадонида эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири