Устоз Комилжон Отаниёзов ибрати
Миллий мусиқа санъатимиз Ўзбекистон халқ артисти, хонанда Комилжон Отаниёзов ижоди, унинг бетакрор қўшиқлари билан чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда унинг қўшиқларисиз санъатимизни тасаввур этиш қийин.
Манбаларга кўра, Комилжон Отаниёзов 1917 йил 20 июль куни Хоразм вилояти Шовот туманидаги Бўйрачи қишлоғида таваллуд топган.
Бетакрор ва кучли овоз соҳиби бўлган устоз санъаткор ижодини бошқа ҳеч қайси хонандага ўхшатишнинг ҳам, таққослашнинг ҳам иложи йўқ.
Мутахассисларнинг фикрича, устоз санъаткор достон йўлларини Бола бахши Абдуллаевдан, Хоразм мақом ашула йўлларини Матпано Худойбергановдан ўрганган.
Тошкентдаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртини тугатгач, консерваторияда таълим олган. Хоразм театрларида хонанда ва актёр сифатида ишлаб, кўплаб спектаклларда Фарҳод, Тоҳир, Парфи ҳофиз, Қодир, Даврон ота каби образлар яратган.
Санъатшуносларга кўра, Комилжон Отаниёзов 30-йиллардан мураккаб халқ ашулаларини, достонлардан қўшиқлар айта бошлаган. Хоразм сувора ва мақомлари Комилжон Отаниёзов ижрочилик фаолиятининг юқори босқичи бўлди.
Комилжон Отаниёзов Хоразм достон қўшиқ(нома)лари асосида янгича услуб яратган. Бастакор сифатида бу услубда ижод қилган «Салом, сенга Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Темир йўл», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлари ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради.
Устоз санъаткорнинг ижоди, у яратган ижодий мактаб ҳамон хонандалар, мусиқашунослар томонидан пухта ўрганилиши долзарбдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда устоз санъаткор , "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Анжуманлар, концертлар, йирик маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Бугун ҳам устоз санъаткорнинг ижоди, ўз халқига, миллий санъатимизга фидойилиги, садоқати, одамгарчилиги ва умуман, инсоний фазилатлари ёш ижрочилар учун ибрат мактаби бўлиб қолаверади. Айни пайтда унинг ижод йўли мусиқашунослар учун янги-янги тадқиқотларга асос бўлиши тайин.
Назокат Усмонова, ЎзА