Усмон Юсуповга Янгийўлда бюст ўрнатилди
1 март — атоқли давлат арбоби Усмон Юсупов туғилган кун!
Усмон Юсупов узоқ йиллар яшаган, ишлаган Янгийўл туманида нуронийлар ташаббуси билан унга бюст ўрнатилиб, "Усмон ота боғи"га дарахт кўчатлари экиш билан боғлиқ хотира ва ҳашар бўлиб ўтди.
— Усмон Юсуповдай улуғ инсон ҳамюртимиз эканидан биз янгийўлликлар чексиз фахрланамиз, – дейди Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялғашев. – Усмон Юсупов қаерда ишламасин, қадами етган жойда унинг изидан минг гектарлаб шовуллаган боғлар қолганининг гувоҳи бўламиз. Унинг ҳаёт йўли бугунги ёш авлод учун катта ибрат мактабидир.
[gallery-10776]
— Узоқ йиллар Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Усмон Юсуповнинг номи покланиб, ўз муносиб қадрини топишидан, айниқса, биз нуронийлар шодлигининг чеки йўқ, — деди Республика "Нуроний" жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев. — Мамлакатда кенг қулоч ёйган "Уч авлод учрашувлари" доирасида ўтаётган бу каби тадбирлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган эзгу ташаббусларнинг бир намунаси, десак хато бўлмайди. Сўнгги йилларда дунёга танилган соҳибкорлар Ризамат ота Мусамуҳамедов, Зайниддин ота Фаҳриддинов, оламга таниқли пахтакор Ҳамроқул Турсунқулов ва Турсуной Охунова, буюк олимлар Қори-Ниёзий ва Ҳабиб Абдуллаев каби буюк алломаларнинг покиза номи ўз халқига қайтар экан, бу биринчи навбатда, Янги Ўзбекистоннинг адолатли сиёсати маҳсули бўлди.
Юксак савияда ўтган хотира ва ҳашар тадбири Усмон Юсупов номидаги туман Маданият саройида ташкил этилган маҳаллий ҳунармандлар, тадбиркорлар ишлаб чиқарган ноёб маҳсулотлар, халқ фольклорининг куй-қўшиқлари, дошқозонларда сумалак қайнатиш ҳамда халқ сайлига уланиб кетди.
ЎзА