Уруш фахрийси ҳолидан хабар олинди
Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Турсинбой Давронов раҳбарлигида бир гуруҳ шифокорлар туманнинг Учтепа маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдуғани Ғаппоров хонадонида бўлиб, нуроний отахоннинг саломатлигини назоратдан ўтказди.
Тиббий кўрик давомида шифокорлар Абдуғани отадан қон ва бошқа таҳлиллар олишди, УЗИ текшируви амалга оширилди, соғлиғи бўйича шикоятлари тинглади. Отахонга зарур муолажалар белгиланиб, дори-дармонлар берилди.
Абдуғани ота Ғаппоров бу йил ўзининг 102 ёшини қаршилади. У ўн етти ёшида урушга сафарбар қилинган. Уруш бошланган 1941 йилдан то Ғалабага қадар турли фронтларда аёвсиз жангларда иштирок этди, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди, қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.

Урушдан қайтгач, Абдуғани ота халқ хўжалигининг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилди, қатор фарзандларни тарбиялаб, эл-юрт ҳурматини топди. Бугун ўзининг қутлуғ 102 ёшини қарши олган отахон фарзандлари, набира ва чеваралари, ҳамқишлоқлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Бугунги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириб, дуолар қилмоқда.
Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Абдуғани ота Президентимизга, вилоят, туман раҳбарларига, шифокорларга миннатдорлик билдирди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА