Қурилишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг!
Қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларнинг майдонларида, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида ёнғин хавфсизлиги тегишли қоидаларга амал қилиш орқали таъминланади.
Ҳозирги кунда “COVID-2019” эпидемияси касаллиги тарқалиши муносабати билан карантин қоидаларига риоя этган ҳолда Юнусобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томондан туман ҳудудида янги қурилаётган кўп қаватли аҳоли турар жойлари ва маъмурий биноларда фавқулодда ҳолатлар ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча ишчи ходимлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш дастлаб уларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларидан бошланади. Хавфсизлик талабларининг тўла бажарилиши кейинчалик уларда ёнғин содир бўлмаслигининг кафолати ҳисобланади.
Қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларнинг майдонларида, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида ёнғин хавфсизлиги тегишли қоидаларга амал қилиш орқали таъминланади. Масалан:
Биринчи навбатда барча ишчи ходимлар техника қоидаларига риоя қилган ҳолда махсус кийим бошлар билан таъминланиши, қурилиш майдонларида пайвандлаш ишларини махсус гувоҳномага эга бўлган ишчилар олиб бориши, қурилиш майдонларини ёнғинга қарши қалқон ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, носоз ҳолдаги электр тармоқларидан, ишчилар хонасида ностандарт электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, газ солинган баллонлар сони 50 дан ортиқ бўлмаган ҳолда махсус омборхонада ёки қуёш нури тик тушмайдиган бостирма остида сақланиши керак. Тўлдирилган баллонлар тик ҳолда сақланиши лозим. Улар махсус катаклар ёки уяларга ўрнатилади ва камар, занжир ёки қисқичлар билан маҳкамланади, кислород баллонларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва кўчиришда баллон ҳамда шланглар мой ва мойли материалларга тегиб кетмаслиги чоралари кўрилиши ва шу каби бир қатор хавфсизлик чораларига риоя қилиниши керак.
«Меҳнат қилиб боғ яратган уни асрай билиши ҳам керак» деганларидай, бино ва иншоотлар бунёд этувчи ҳар бир бинокор-қурувчи, муҳандис мутахассис тегишли талабларни пухта ўзлаштириб олиши, қурилиш жараёнида ёнғинларга олиб келувчи ҳар қандай салбий ҳолатнинг олдини олиш юзасидан тегишлича йўриқнома билан таъминланиши лозим. Бошқача айтганда, қурилишда амалдаги қоида талабларига қатъий риоя этишга ҳар бир киши масъул ва мажбур эканлигини унутмаслиги керак.
Саидкамол Қосимхўжаев,
Юнусобод тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари, подполковник