Қурилиш экспертизаси рақамлаштирилади
Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш учун малакали хорижий экспертларни жалб қилиш борасида аниқ режаларимизни тузиб олганмиз.
Президентимиз Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида кўплаб вазирлик ва идораларга жорий йил ва келгуси беш йилда амалга ошириладиган муҳим лойиҳалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шу жумладан, қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ларидан бирига айлангани ва ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошгани соҳани ривожлантириш учун нормативларни халқаро стандартлар билан ўзаро уйғунлаштириш зарурлигини қайд этди.
Албатта, бу вазифалар бизга катта масъулият юклайди. Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш учун малакали хорижий экспертларни жалб қилиш борасида аниқ режаларимизни тузиб олганмиз. Жорий йилда 196 та янги нормани ишлаб чиқиб, амалиётга кенг жорий этишни мўлжаллаяпмиз. Бу борадаги ишларимиз 2025 йилга қадар давом этади. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар замонавий ва мураккаб объектларни қуришларида ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги лозим.
Шаҳарларимиз кўриниши тубдан ўзгариши, юртимизда ҳам илғор давлатлардаги каби жозибадор лойиҳалар амалга оширилишига эришиш бизнинг бош мақсадимиздир.
Соҳага замонавий технология ва қурилиш материалларини татбиқ этиш билан бир қаторда соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришдик. Таълим сифатини яхшилаш, тизимда ривожланган илғор давлатларнинг методикасини қўллаш бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз. Малакали ишчи-мутахассисларни тайёрлаш бўйича аниқ режалар тузиб олдик.
Таълим масканларида замонавий педтехнологияларни қўллаш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, лабораториялар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, Ўзбекистонда илғор давлатларнинг архитектура ва қурилиш йўналишидаги олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш борасида ҳам тегишли тартибда музокаралар олиб бормоқдамиз.
Мутахассисларни замонавий лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида замонавий дастурий таъминотлар, хусусан БИМ (BIM) технологиялари билан ишлашга ўргатиш муҳимдир. Шу боис қурилиш соҳаси бўйича таълим олаётган талабаларни йирик қурилиш-пудрат лойиҳаларига бириктириб, уларга ишбай асосида ҳақ тўлаш тизимини ҳам жорий қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.
Бугунги кунда олдимизда турган энг долзарб вазифалар бу тендерлар тизимини ишлаб чиқиш ва соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этишдан иборат. Бу борада амалий ишлар бошланди. Мисол учун, геоахборот тизими. Бунда шаҳарсозлик бош режалари жойлаштирилади, уни жорий йилнинг 1 мартидан ишга туширамиз. Эндиликда юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда, қандай қурилиш ишларини олиб боришлари мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олса бўлади.
Қурилиш назоратини тўлиқ рақамлаштириб, назорат инспекторларига қулайлик яратамиз. Ишнинг сифати ошиб, унга бўлган вақт сарфи ҳам анчагина камаяди. Шунингдек, жараён рақамлаштирилганда инспекторлар фаолиятини тўлиқ назорат қилинади ва коррупцияни олди олинади. Бу ўз навбатида тадбиркор пудратчилар ишини ҳам осонлаштиради. Ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка барҳам берилади.
Қурилиш экспертизасини рақамлаштириш деганда жараён тўлиқ электрон тизимга ўтиши назарда тутилган. Бунда лойиҳачи масофадан туриб, интернет орқали лойиҳасини экспертиза бошқарувига жўнатади, экспертлар эса лойиҳани кўриб чиқиб, эътирозли ўринлари бўлса интернет орқали лойиҳачига қайтариб жўнатади тайёр ҳолда бўлса, қабул қилади. Мазкур тизимнинг қулайлиги, лойиҳачиларни қўлида қоғозлари билан сарсон бўлишини олдини олиши ва вақтини тежаган ҳолда ишини тез битиришига кўмаклашишдир. Яна бир муҳим жиҳат лойиҳачи ва уни ишини кўриб чиққан инспектор бир-бирларини кўрмайди ва табиийки натижада коррупцияга йўл қўйилмайди.
Эндиликда вазирлик расмий сайтига қурилиш жараёни калкулятори жойлаштирилади. Бу нима дегани? Истаган киши, хоҳ юртдошларимиз ёки хорижий инвесторлар бўлсин, ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Сиз Ўзбекистонда бирор бир объект қурмоқчисиз. Бунинг учун ишни нимадан бошлаш керак, қандай жараёнлардан ўтилади ёки қайси ҳужжатлар талаб этилади, ҳаттоки сарфланадиган маблағ ва вақт ҳам унда аниқ кўрсатилган бўлади. Бу ҳам катта қулайлик.
Илғор давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қурилиш ишларини тендерини ягона мукаммал порталини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам айтилди. 2020 йил июль ойига қадар ривожланган хорижий давлатлар мутахассис консультантлари билан мукаммал тендер порталини ишлаб чиқамиз. Натижада давлат дастурлари ягона портал орқали рақамли шаклда бўлади, бу эса шаффофликни таъминлайди.
“Мурожаатнома”да қўйилган яна кўплаб вазифалардан келиб чиқиб, вазирлигимиз мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Шерзод ҲИДОЯТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари