Ургутлик аёл устозлар кейинги босқичда
Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида умумтаълим, ихтисослаштирилган, Президент ва ижод мактабларида фаолият юритувчи аёл устозлар ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари ходималари ўртасида “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган мусобақада туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 та жамоа Республика босқичи йўлланмаси учун ўзаро беллашди.
Муросасиз ўтган беллашувлар якунида Ургут туманидаги 63-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, Республика босқичи йўлланмасига эга бўлди.
Самарқанд шаҳридаги 81-умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, Жомбой туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчилари эса учинчи ўринни қўлга киритди.
– Бундай мусобақалар хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга ўзаро ҳамжиҳатликни оширишга хизмат қилади, – дейди Самарқанд шаҳридаги 81-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Сарвиноз Амриддинова. – Мактабимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, юртимизда спортни оммалаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида кўплаб мусобақалар ўтказилмоқда. Бундан олдин Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида ҳам муваффақиятли қатнашган эдик. “Вазир кубоги”да шаҳар босқичида муносиб қатнашиб, вилоят босқичига чиққан эдик. Финалга қадар муваффақият билан иштирок этдик. Фақатгина финал баҳсида ургутлик ҳамкасбларимизга ютқазиб, иккинчи ўринни эгалладик.
[gallery-29598]
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА