Ургутдаги мактаблар биттага кўпайди
Тожикистон Ҳукумати томонидан Ургут туманида бунёд этилган 640 ўринли умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди.
Муассаса Тожикистон Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон томонидан онлайн тартибда очиб берилди.
Шундан сўнг Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири Муҳаммадюсуф Имомзода бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлигида мактабда яратилган шароитлар билан танишишди ва мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам тадбирида иштирок этишди.
[gallery-2737]
Тадбирда сўзга чиққан Шерзод Шерматов ва Муҳаммадюсуф Имомзода мактабда таълим-тарбия учун замон талаблари даражасида шароитлар яратилганлигини эътироф этиб, бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариб, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.
Қайд этиш жоизки, Ургут туманидаги янги 154-мактаб ўқув биноси 26 синфхонадан иборат бўлиб, 50 ўринли кутубхона, 36 ўринли электрон кутубхона, 326 ўринли фаоллар залига эга. Шунингдек, 18х30 м ўлчамли спорт зал, 60Х90 м футбол майдони, 204 ўринли ошхона ҳам ўғил-қизлар ихтиёрида. Янги илм масканида мана шундай замонавий шароитларни яратиш учун 30 миллион сомоний (тахминан 30 миллиард сўм) маблағ сарфланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА