Урганчда халқаро илмий анжуман
Урганч давлат педагогика институтида “Инновацион педагогика: табиий ва аниқ фанларни ўқитишда глобал тажриба ва маҳаллий ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон олимлари билан бир қаторда Россия, Эрон, Ҳиндистон ва Малайзиядан 20 дан ортиқ хорижий олимлар иштирок этди.
Конференцияни институт ректори вазифасини бажарувчиси, профессор Диёржон Абдуллаев ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг Марказий Россия бошқарув институти директори ўринбосари, профессор Виктор Ливтсов кириш сўзлари билан очди ҳамда конференция ишига муваффақият тилади.
Халқаро илмий анжуман давомида табиий ва аниқ фанларни ўқитишда инновацион педагогик ёндашувлар масаласи муҳокама этилди. Шунингдек, илғор халқаро тажрибалар ҳамда маҳаллий ечимлар юзасидан илмий материаллар алмашилди.
– Урганч педагогика институтида муҳокама қилинаётган инновацион педагогика мавзуси ниҳоятда долзарб бўлиб, замонавий болалар рақамли технологиялар муҳитида улғаймоқда, – дейди педагогика фанлари доктори, Волгабўйи давлат жисмоний тарбия, спорт ва туризм академияси профессори Фируза Зотова (Россия). – Улар турли гаджетларда ишлар орқали жуда эрта ёшдан катта ҳажмдаги маълумотларни ўзлаштиришади. Шунинг учун педагог ҳар доим улардан бир қадам олдинда бўлиши, янги билим ва технологияларни мунтазам ўрганиб бориши лозим. Ўқитувчи нафақат ўз фанини чуқур билиши, балки рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан ҳамда самарали фойдалана олиши керак. Бу замон талаби ва ҳар бир педагог учун муҳим вазифалардир. Шу боис ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам ошириш, янги методикалар ва дарсликларни доимий равишда янгилаб бориш зарур. Биз ҳамкорликни фаол давом эттирмоқдамиз. Ўтган йили шу олий ўқув юрти олимлари билан ҳамкорликда илмий мақола чоп этдик. Лойиҳамиз Россия ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ўқувчиларнинг жисмоний ривожланиши ва саломатлигини қиёсий ўрганишга бағишланган бўлиб, бу ҳамкорлик келгусида ҳам давом этади.
[gallery-31978]
Конференция давомида тинглаган маърузаларда асосан таълим жараёнида сунъий интеллектни қўллаш, замонавий қўлланмаларни яратиш, физика соҳасидаги илғор ишланмалар ва алоқаларни амалиётга татбиқ этишга бағишланган масалалар муҳокама этилди. Сўзга чиққан олимлар ўзларининг илмий тадқиқотлари билан йиғилганларни таништирди.
– Менинг маърузам сунъий интеллект даврида таълим келажаги ва мактабларда қандай янги таълим тизимини шакллантириш лозимлигига бағишланди, – дейди Ал-Хоразмий университети профессори Ҳамед Фарбеҳ (Эрон). – Асосий ғоя шундан иборатки, бизнинг вазифамиз ўқувчиларга фақат сунъий интеллектдан фойдаланишни ўргатиш эмас, балки уларни ўзларининг интеллектуал тизимларини ярата оладиган даражага етказишдир. Келажакда сунъий интеллект фақат йирик маълумотлар марказларида эмас, балки атрофимиздаги турли қурилмалар ва объектларда ҳам қўлланилади. Шунинг учун ўқувчилар дастурий таъминот, аппарат воситалари ва бошқа фанларни ўзлаштирган ҳолда ўзининг ўқитиш моделлари ҳамда интеллектуал тизимларини ярата олиш кўникмасига эга бўлиши керак. Бу уларнинг билим ва салоҳиятини ошириб, келажагини мустақил барпо этишга хизмат қилади. Асосий мақсадимиз халқаро даражадаги таълим ва илмий ҳамкорлик марказини шакллантиришдир.
Анжуман давомида барча давлатларнинг олий таълим муассасаслари ўртасидаги илмий ва таълимий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Конференцияда Урганч педагогика институти ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг Марказий Россия бошқарув институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Халқаро анжумандан сўнг, талабалар учун россиялик профессорлар иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. Хорижий мутахассислар иштирокидаги машғулотлар талабаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, илмий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда халқаро илмий-педагогик тажриба билан яқиндан танишиш, назарий билимларини амалий ёндашувлар билан уйғунлаштириш имконини яратди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари