Урганчда талабалар учун янги спорт мажмуаси ва футбол майдони ишга тушди
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида талаба-ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун замонавий шарт-шароитлар яратиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида барпо этилган 400 ўринли янги спорт мажмуаси ҳамда футбол майдонининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, ФИФА қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Эрматов, Хоразм вилояти вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев, бир гуруҳ спорт вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, ФИФА қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Эрматов сўзга чиқиб, мамлакатимизда футболни ривожлантириш, ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада ошириш йўлида мазкур янги барпо этилган спорт иншоотлари талаба-ёшларнинг профессионал спорт сари интилишларини қўллаб-қувватлаш ва спорт маҳоратини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Университет талабаларини янги спорт мажмуаси билан самимий қутлади.

Шундан сўнг, мусиқа садолари остида рамзий тасма кесилди.

Меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари фойдаланишга топширилган янги спорт мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

– Университетимизда спорт соҳасини ривожлантириш, талаба-ёшларнинг жисмоний салоҳиятини юксалтириш ва улар учун замонавий инфратузилма яратиш устувор вазифалардан биридир, – дейди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – Биз нафақат спорт йўналишидаги, балки барча йўналишларда таҳсил олаётган талабаларимизнинг жисмоний маданиятини ошириб боришимиз керак. Шу фурсатдан фойдаланиб, мажмуани ва футбол майдонини барпо этишда иштирок этган қурувчи-меъморларга ҳамда бугунги ташриф учун барча меҳмонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мажмуа билан танишув давомида меҳмонларга футбол бўйича назарий билимларни ўзлаштиришга мўлжалланган ўқув хоналари, спортчилар учун яратилган қулайликлар, кийиниш, тиббиёт, санитария-гигиена хоналари ҳам намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири