Урганч давлат университетида қўшма таълим дастури йўлга қўйилмоқда
Хитойнинг XCMG компаниялар гуруҳи Глобал таълим ва ўқитиш маркази директори Чжан Лина ҳамда Xuzhou техника университети вице-президенти Хуан Чуанхуей бошчилигидаги делегация ҳамкорликнинг амалий босқичларини муҳокама қилиш мақсадида Урганч давлат университетига ташриф буюрди.
Университет ректори Феруза Мадраҳимова иштирокида ўтказилган расмий музокараларда қўшма таълим дастурининг ташкилий ва академик жиҳатлари муҳокама қилиниб, талабаларни тайёрлаш, амалиёт жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда саноат ва таълим интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида делегация вакиллари Техника факультетидаги замонавий лабораториялар, илмий-инновацион лойиҳалар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, қўшма дастур асосида таҳсил олиши режалаштирилаётган талабалар билан учрашув ташкил этилиб, уларга таълим дастурининг афзалликлари, XCMG корхоналарида амалиёт ўташ имкониятлари ҳамда келгусида халқаро компанияларда фаолият юритиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “XCMG Group” ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган эди, – дейди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – Ушбу келишув асосида Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, Xuzhou техника университети ва XCMG компаниялар гуруҳи ўртасида уч томонлама шартнома ҳам имзоланди. Мазкур шартномага мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб техника ва машинасозлик йўналишларида “2+1+1” қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Дастур халқаро стандартларга мос, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашга қаратилган бўлиб, унда дуал таълим тизими асосий йўналиш сифатида белгиланган.
Мазкур ҳамкорлик Урганч давлат университетининг халқаро алоқаларни янада кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида олиб бораётган фаолияти натижаларидан биридир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат)
ЎзА мухбирлари