Уран саноати: экологик хавфсизлик ва рақамли ечимлар уйғунлиги
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, саноатни модернизация қилиш ва юқори қўшимча қиймат яратувчи тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда стратегик аҳамиятга эга бўлган уран саноати нафақат мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, балки халқаро бозорда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Марказий Қизилқум бағрида жойлашган “Навоийуран” давлат корхонасининг “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони ана шундай йирик ва истиқболли саноат масканларидан бири ҳисобланади. Мазкур майдон нафақат Ўзбекистон уран саноатининг пойдевори, балки бугунги кунда энг замонавий технологиялар ва матонатли инсонлар меҳнати бирлашган юқори самарадор ишлаб чиқариш мажмуаси ҳисобланади.

– Давлатимиз раҳбарининг иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда минерал хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган вазифалари бугун уран саноатида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда, – дейди “Навоийуран” давлат корхонаси “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони бошлиғи Фарид Бозоров. – Хусусан, мамлакатимизда табиий уран ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилга қадар уч бараварга ошириш бўйича белгиланган стратегик вазифалар “Навоийуран” давлат корхонаси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Бу жараёнда “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган табиий ураннинг қарийб 47 фоизи айнан ушбу майдон ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса уни мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги ва экспорт салоҳиятини таъминлашдаги энг муҳим саноат объектларидан бирига айлантирган.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати ишлаб чиқаришга рақамли ва экологик хавфсиз технологияларни кенг жорий этишдир. “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонида дунёда энг хавфсиз ва экологик тоза усуллардан бири сифатида эътироф этилган ер остида танлаб эритиш технологияси қўлланилмоқда. Геологлар ва муҳандислар махсус 3D моделлаштириш дастурлари орқали конлар ҳолатини онлайн кузатиб, технологик жараёнларни рақамли бошқарув асосида назорат қилмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш ва экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳар қандай тараққиётнинг асосида инсон капитали туради. Бугун “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонида 1850 нафардан ортиқ юқори малакали ходим меҳнат қилмоқда. Геологлар, бурғиловчилар, муҳандислар, кимёгарлар ва технологлар Қизилқумнинг мураккаб иқлим шароитида мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра режа 134 фоизга бажарилди, бурғилаш ишлари эса 228,2 фоизга етказилди. Бу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан 171 фоизлик ўсиш суръати таъминланганини англатади. Бундай натижалар замонавий бошқарув, техник қайта жиҳозлаш ва меҳнат самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг мантиқий самарасидир.
Сўнгги йилларда геология-қидирув ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Қизилқоқ” кони “Навоийуран” давлат корхонасининг энг истиқболли лойиҳаларидан бири сифатида шаклланмоқда. Ушбу конда 5 та маҳаллий сорбцион қурилма, 5 та кислород станцияси ишга туширилди. Агар аввал қудуқлар сони 23 тани ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 610 тага етказилди. Шунингдек, 22 километрлик 35 кВ электр узатиш тармоқлари ҳамда иккита бош пасайтирувчи подстанция барпо этилди. Бу ўзгаришлар ишлаб чиқариш қувватини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Янги иш ўринлари яратиш ҳам давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Шу мақсадда 2026 йил 1 апрелдан “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони таркибида “Зарафшон” геотехнологик кони ташкил этилди. Натижада ҳудуд ёшлари учун янги доимий иш ўринлари очилди. Хусусан, 150 нафар бурғилаш қурилмаси машинисти, 50 нафар машинист ёрдамчиси ҳамда 50 нафар геотехнологик қудуқ оператори иш билан таъминланди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. “Учқудуқ” ва “Шарқий қанот - 2” конларида маҳаллий сорбцион қурилмалар ҳамда 280 та сўрувчи қудуқ ишга туширилди. Электр таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида 14 километрлик янги электр узатиш тармоқлари қурилди. “Шахта” майдонида эса 85 та янги сўрувчи қудуқ фойдаланишга топширилди.
Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам муҳим йўналишлардан бирига айланди. Бунинг натижасида сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш участкаси ташкил қилиниб, диаметри 50 миллиметрли қувурлар маҳаллийлаштирилди. Айни вақтда “Джасага” конида Япониянинг JOGMEC компанияси билан ҳамкорликда янги технологияларни синовдан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.
Янги Ўзбекистон ислоҳотларида инсон қадри устувор тамойил сифатида белгиланган. Бу тамойил “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонида ҳам ўз ифодасини топган. Вахта шаҳарчасининг замонавий кўринишда қайта барпо этилиши, ходимлар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларининг яратилиши, ижтимоий инфратузилманинг такомиллаштирилиши меҳнат унумдорлигини ошириш билан бирга инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг амалий тасдиғидир.
Хуллас, “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони бугунги кунда нафақат саноат маскани, балки янги Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллиги ва илмий-технологик юксалишини намойиш этувчи ёрқин тимсолдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири