Университетлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
Президентимизнинг Малайзия давлатига расмий ташрифи доирасида Перак штатида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусидаги Биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форумида мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари қатори Наманган давлат университети делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Университет ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов Малайзиянинг бир неча университетларига ташриф буюрди. Жумладан, делегация вакиллари Шарқий Осиёдаги нуфузли таълим даргоҳи саналган “Malaya” университети фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф чоғида, университетда табиий фанларнинг ўқитилиши, хусусан, ботаника боғи, марказлар фаолиятини кўздан кечирилди. Факультетлардаги замонавий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди. Хизмат сафарининг амалий натижаси сифатида, ҳар икки университет ўртасида шартнома имзоланди.



Унга асосан, “Malaya” университетининг фан (“Science”) факультети ҳамда Наманган давлат университетининг физика-математика факультети ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар алмашинуви йўлга қўйилади, табиий фанлар соҳасида қўшма лабораториялар ташкил этилади. Ҳар икки давлатнинг нуфузли олийгоҳлари ўртасидаги мақсадли ҳамкорлик шартномаларининг имзоланиши келгусида Наманган давлат университетининг халқаро доирадаги фаолиятини янада кенгайтиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА