Университетда янги китоб тақдимоти ўтказилди
Самарқанд давлат университетида «Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. Мазкур китобнинг тузувчи ва нашр учун масъулларига, бу лойиҳа раҳбари академик Оқил Салимовга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Мазкур тўпламнинг иккинчи жилдига республика олий таълим муассасаларининг магистратура, бакалавр босқичларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар, докторантлар, шунингдек, вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатиш билан бир қаторда илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган ёш олимларнинг илмий ишлари жамланган.
Иқтидорли ёшлар таълими ва тарбияси, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бир кун келиб ўз мевасини бериши ҳақиқатдир. Бугун мана шу тўпламдан мақолалари ўрин олган ёшлар орасидан эртага Бухорийлар, Хоразмийлар, Термизийлар, Насафийлар, Самарқандийлар, Фарғонийлар етишиб чиқишига ишонамиз.
«Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» тўпламига менинг ҳам мақолам киритилганидан жуда ҳаяжонландим, – дейди Самарқанд давлат университети магистранти Ҳасан Орипов. – Бу лойиҳа мамлакатимиз ёшларини илмий изланишларга ундовчи, ёшларда эртанги кунга ишонч ва умид уйғотувчи ғоядир. Менинг қувончимни, ютуғимни кўрган тенгдошларим ҳам танловда иштирок этиб, китобнинг кейинги жилдларида мақолалари билан қатнашишга ҳаракат қилишмоқда».
«Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармасининг ушбу танлов ва лойиҳасида иштирок этиш ниятида бўлган ёшлар сафи кундан-кунга ортаётгани қувонарлидир», дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов.
Китоб тақдимоти маросимида СамДУ профессор ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати