Университет талабалари Мадридда таҳсил олади
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Шуҳрат Алиқулов ҳамда ўқув ишлари бўйича проректори Набижон Абдуазизов Испаниянинг Мадрид политехника университетида бўлиб, хорижий таълим муассасаси масъуллари билан музокаралар олиб бормоқда.
35 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олаётган Мадрид политехника университети ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида 2022 йилдан буён ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, томонлар ўртасида имзоланган қўшма дастурларга кўра, ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий стажировкаларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, эндиликда қўшма таълим дастурлари доирасида университет талабалари Мадрид политехника университети Кончилик мактабида таҳсил олади ҳамда мазкур олий ўқув юртининг Илмий -тадқиқот марказида маҳаллий олимларимиз стажировка ўтайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири