UNICEF: дунё бўйлаб 85 миллион бола мактабга бормаяпти
БМТнинг Болалар жамғармаси — UNICEF сўнгги ҳисоботида дунё бўйича 85 миллион бола мактабга бормаслигини маълум қилди. Уларнинг аксарияти зиддиятлар, қашшоқлик ёки беқарорлик ҳукм сураётган мамлакатларда яшайди. Ташкилот бу рақамни “таълим инқирозининг оғир кўрсаткичи” деб атади.
Маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 234 миллион бола сифатли таълимга муҳтож, бу сўнгги уч йилда 35 миллионга кўпайган. Уларнинг ярми — қизлар, 17 фоизи — қочқин ёки мажбуран кўчирилган болалар, 20 фоиздан ортиғи эса ногиронлиги бор фарзандлардир.

Дунё миқёсида таълимга ажратилаётган халқаро молиявий ёрдам камайгани инқирозни янада чуқурлаштирган. UNICEF таълим соҳасига ажратиладиган халқаро ёрдам 3,2 миллиард долларга қисқаргани, бу эса мактабдан четда қолаётган болалар сонини 278 миллионгача етказиши мумкинлигидан хавотирда.
– Ҳеч бир бола билим олиш имконидан маҳрум бўлмаслиги керак, - дейди UNICEFнинг Италиядаги етакчиси Никола Гразиано. – Таълимга сармоя – бу келажак авлодга сармоя.

Ҳисоботда таълим тизими энг оғир аҳволда бўлган мамлакатлар ҳам келтирилган. Масалан, Ғазода 500 дан ортиқ мактаб вайрон бўлган, Суданда 19 миллион мактаб ёшидаги боладан 17 миллиони ўқишдан четда қолган. Гаитида эса кучайган зўравонлик ва тартибсизликлар туфайли 1,4 миллион бола таълим ёрдамини кутмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон, Сурия, Яман ва Эфиопия каби давлатларда ҳам миллионлаб болалар мактабга бора олмаяпти.
UNICEF ўқитувчиларни “таълимнинг юраги” деб атайди, аммо ташкилот огоҳлантиришича, кўплаб ўлкаларда муаллимларнинг малака ошириш тизими заиф, меҳнат шароити оғир ва маоши ўта паст. Шу боис, тузилма халқаро ҳамжамиятни ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга, ҳар бир бола учун хавфсиз ва инклюзив синф яратишга чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА