Уни хорижда ҳам суйиб ўқирлар
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё...
Шоирнинг икки мисра шеъриданоқ жонажон Ўзбекистонимизнинг танҳолиги, гўзаллиги ва мафтункорлиги, жаҳонда тенгсизлиги яққол намоён бўлади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб "Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни" мавзусида халқаро онлайн анжуман бўлди. Унда Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон каби давлатларнинг адабиётшунослари, профессор-ўқитувчилари, шоир ва ёзувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Нурбой Жабборов мамлакатимизда миллий адабиётимиз, маданият ва санъат, китобхонлик ривожи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Атоқли шоир Абдулла Орипов шеъриятини унинг руҳияти, қалбининг, ўзлигининг кўзгуси, десак янглишмаймиз. Ватанга, она табиатга муҳаббат, Ҳазрати инсонга ҳурмат-эҳтиром, миллийлик, донишманд нигоҳ, теран фалсафа шоир шеъриятида устувор ўрин эгаллайди.
Айни дамда устоз шоирнинг Ўзбекистонимизни ўзгача меҳр, чексиз эҳтиром, катта қалб, жўмардлик билан севиши, ардоқлаши унинг шеъриятида яққол кўзга ташланади.
Адабиётшунос олим Нурбой Жабборовнинг фикрича, гарчи Абдулла Орипов шеъриятида миллийлик устувор бўлса-да, унда турли халқлар ўзлигини яққол кўради. Бу эса Абдулла Орипов ижодидаги миллий руҳ умумбашарий, умуминсоний ғоялар билан уйғунлашиб кетганидан дарак беради.
Халқаро онлайн анжуманда Абдулла Орипов ижодининг аҳамияти, ўзига хослиги ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА