Уни Ғазолик Ньютон дейишади (+видео)
Бу йигитни Ғазолик Ньютон дейишади. У барча ғазоликлар сингари оиласи билан Рафахдаги қочқинлар лагерида яшайди.
Хабарингиз бор, Исроиллик ҳарбийларнинг Ғазо секторига ҳужумлари кескинлашганидан кейин аҳоли Рафах шаҳрига қочишга мажбур бўлган. Бугунги кунда Рафахда ҳам аҳвол ниҳоятда жиддий, озиқ-овқат етишмовчилиги одамларнинг силласини қуритган. Яшаш учун шароитларни айтмаса ҳам бўлади, ичимлик сув, дори –дармон етишмовчилиги кескинлашган.
Ҳатто, ҳайвонлар озуқасини истеъмол қилиб одамлар жон сақлашмоқда. Улар майдонларга қурилган чодирларда яшашади. Электр токи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Эътибор берган бўлсангиз биз ҳикоямизни ғазоликлар Ньютон деб аташадиган 15 ёшли болакай ҳақида бошлагандик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L_U7x4-iSEg" title="Uni G‘azolik Nyuton deyishadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Унинг исми Хусам ал-Аттар. У мамлакат шимолида туғилган, ҳозир Рафахдаги қочқинлар лагерида яшаяпти. Уни ватандошлари Ғазолик Ньютон дейишади. Бундай дейишларига сабаб Хусам техникага жуда қизиқади. Йўл халтасида доим турли симлар, эҳтиёт қисмларни олиб юради.
Яшаётган жойда электр токи йўқ. Унинг айтишича, лагерга келганларида 20 кунча қоронғида яшашган. Шундан кейин Хусам эски вентилятор моторларини топиб улар ёрдамида электр токи олишга уринади. Биринчи, иккинчи уринишида қурилмани ишлата олмайди, аммо, учинчи уринишда том устига ўрнатилган варрак айланиб электр токи бера бошлайди.
Тасаввур қилаяпсизми чироқсиз, алоқаларсиз яшаётган одам учун бунинг қанчалик муҳим эканлигини. 15 ёшли Хусамнинг қилган иши кўпчиликни қувонтиради ва уни меҳр билан бизнинг яъни Ғазолик Ньютон деб атай бошлашади. Унинг ўзи ҳам бундан хурсанд ва қилган ишида бироз камчиликлар борлигини ҳам айтади. Сабаби, шамол тўхтаганда электр олишнинг иложи бўлмайди, узлуксиз ток бўлиши учун эса шамол ҳосил қилган токни йиғиб қўйиш керак. Бунинг учун баъзи бир эҳтиёт қисмлар керак, ҳозирча Рафахда мен бу қисмларни топа олмаяпман, лекин ҳар куни излаяпман ва барибир топаман, дейди у.
Кенжа Бегжанов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА