Умумтаълим мактабларига тикув машиналари совға қилинди
Андижон вилояти Бўстон туманида ўқувчи ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишларига кўмаклашиш мақсадида қатор мактабларга тикув машиналари совға қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатида жорий йилдан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида умумтаълим мактабларининг 7-11-синф ўқувчиларига мактабда таълим бериш билан бирга, уларни касбга ўргатиш тизими жорий этилиши устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова ташаббуси билан тумандаги 3-, 11-, 26- умумтаълим мактабларига ҳомийлик асосида 10 та тикув машинаси берилди.
[gallery-847]
– Президентимиз Мурожаатномада ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масаласига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас, – дейди Бўстон туманидаги 26-умумтаълим мактаби директори Башорат Тўйчиева. – Чунки, ёшларимиз мактабдаги ўқиши давомида бирор-бир ҳунарни ҳам пухта эгаллаб борса, бу уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларида, ўрни келганда шу иш билан шуғулланиш орқали даромад топишларига замин яратади. Туман ҳокимининг ташаббуси билан мактабимизга берилган замонавий тикув машиналари ўқувчи қизларимизнинг тикувчилик касбини пухта ўрганишларига ёрдам беради.
Туман ҳокимлиги томонидан тумандаги барча умумтаълим мактабларини ана шундай тикув машиналари билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА