«Умра» зиёратини ташкил этиш ваъдаси ортидаги фирибгарлик фош этилди
Андижон вилоятининг Асака туманида фуқароларни “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштиришга уринган турфирма раҳбарининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Аниқланишича, “Умра” зиёратини ташкил этиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган турфирма раҳбари уч нафар фуқаронинг ишончини қозониб, уларни Саудия Арабистонига зиёратга юборишини ваъда қилган. Ушбу хизмат эвазига фуқаролардан жами 3 минг 350 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи талаб қилинган пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Яна бир ҳолатда, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида фуқароларни “Умра” зиёратига ноқонуний равишда юборишни ваъда қилган хусусий ўқув маркази раҳбарининг жиноий ҳаракатлари фош этилди.
Маълум бўлишича, 1992 йилда туғилган мазкур шахс тўрт нафар фуқарони муқаддас зиёратга юбориш эвазига Бекобод шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқародан 4 800 АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида ўқув маркази раҳбарининг 1995 йилда туғилган укаси талаб қилинган маблағнинг 2 000 АҚШ долларини олдиндан тўлов сифатида қабул қилаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА