Умр яхшиликка сафар бўлсайди...
Фарғонада Ўзбекистон халқ шоири, жамоат арбоби Энахон Сиддиқованинг хотирасига бағишланган “Умр яхшиликка сафар бўлсайди” номли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда таниқли шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Дунёда шундай инсонлар борки, доимо халқимиз қалбида, юрагида яшайди. Ўзбекистон халқ шоири, Фарғонанинг фидойи фарзанди Энахон Сиддиқова шулардан бири эди. Опанинг порлоқ хотираси, самимий чеҳраси ёдимиздан чиққани йўқ. У бутун умрини эзгу ишларга, гўзал назм ва наср бўстонини яратишга бағишлади.

Шоиранинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, эл-юртимизга, азалий қадриятларимизга, меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган “Қоракўз турналар”, “Кўнглим уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Эъзозли аёллар”, “Она ҳақида қўшиқ”, “Барханларда унган гул” сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллади.
Энахон Сиддиқова адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, жойларда илм-фан ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида самарали хизмат қилди. Айниқса, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда чинакам жонбозлик кўрсатди.

Энахон Сиддиқованинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланганди. Ўтказилган тадбирларда унинг шундай ибратли умри, эзгу ишлари ёдга олинди.
Меҳмонлар Фарғона туманидаги шоиранинг хонадонида бўлиб, бу ерда ташкил этилган уй-музейи билан танишди. Қабри зиёрат қилинди.
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройидаги тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев ва бошқалар Энахон Сиддиқованинг адабий мероси ва ижодий фаолияти ҳақида сўз юритди. Шоиранинг шеърлари ўқилди, асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

–Энахон Сиддиқованинг сўзида ҳам садо, ҳам салобат, ҳам ҳикмат бор эди, – дейди Ўзбекистон халқ шоир Маҳмуд Тоир. – У кимга қандай сўз айтишни яхши биларди, тингловчига сўзини етказа оларди. У она сифатида, аёл сифатида миллатнинг дардини биларди. Шу боис умрини фидойилик билан ўтказди, ҳалол меҳнат қилди. Шеъриятида аёлни, Ватанни улуғлади.
Фарғона давлат университетида давом этган анжуманда ҳам унинг адабиётимизга қўшган ҳиссаси, жамоат арбоби сифатидаги фаолияти эътироф этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири