Қулупнайдан 365 кун ҳосил олса бўлади(ми)?
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мевали ва резавор ўсимликлар ичида қулупнай алоҳида ўринга эга. Ушбу ўсимликнинг меваси жуда ширинлиги ҳамда шифобахшлиги билан ажралиб туради.
Хоразм вилояти Боғот туманидаги “Шаҳзода Жанона” хусусий фирмаси раҳбари, тадбиркор Неъматжон Бекязов иссиқхона шароитида қулупнай етиштиришни йўлга қўйган. Осиё тараққиёт банкининг 330 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредити кўмагида барпо этилган замонавий иссиқхонада қулупнайнинг Туркиядан келтирилган “Альбион” нави экилган. Ушбу нав жуда ширин ва ҳосилдорлиги ҳамда узилганидан кейин 10 кунгача сифати сақланиб туриши билан бошқаларидан фарқ қилади.
Қулупнай мевасининг истеъмолдаги физиологик меъёри унчалик кўп эмас, лекин организмга таъсири жуда катта. Янги териб олинган мева таркибида 4-11% қанд моддаси, 0,28 -1,6% кислоталар, 37 -130 мг% “С” витамини, енгил ҳазм бўладиган темир, фосфор, калий, кальций тузлари ҳамда жуда кўп миқдорда “B” витамини мавжуд. “В” витамини етишмаслиги натижасида инсон организмида қон айланиши бузилади, камқонлик вужудга келади. Бу бошқа касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Қулупнай ғарқ пишганда биз “В9” витаминига тўйиб, қонимиз таркибини анча янгилаб оламиз. Демак, қулупнай мевасини кўп истеъмол қиладиган киши тез қаримайди, узоқ умр кўради.
Тадбиркор иссиқхонасида қулупнай йил бўйи, яъни 12 ой давомида тўхтовсиз ҳосил бермоқда. Соф даромаддан мамнун бўлган ишбилармон фаолиятини янада кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, экспортни йўлга қўйиш ҳаракатида.


