Улуғбек Қосимов битирувчи талабалар билан учрашди
Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги Санъат саройида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини жорий йилда битирадиган ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклиф, ташаббус ва мурожаатларини тинглади.

Бу йил олий таълим муассасаларини 8 мингдан ортиқ йигит-қиз тугатади. Уларнинг 7 минг 209 нафари вилоятдаги, 861 нафари юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги олий таълим муассасаларини битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади.

Улуғбек Қосимов битирувчи талабалар билан учрашув чоғида уларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишда янада фаол иштирок этиши учун вилоят ҳокими, барча сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари яқин маслаҳатчи ва кўмакчи бўлишини таъкидлади.

Учрашув доирасида Санъат саройи кўргазмалар залида иқтидорли талаба-ёшларнинг рассомчилик санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма билан танишган вилоят раҳбари январь ойининг охирги ҳафтасида Термиз шаҳридаги Рўзи Чориев номидаги санъат музейида воҳадаги иқтидорли ёшлар яратган санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш ва уларни аукцион савдоларида сотиб, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ғоясини илгари сурди.очиқ мулоқот чоғида билдирилган таклиф, ташаббус ва мурожаатларни ҳал этиш юзасидан аниқ муддат белгиланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА