Улуғ зотлар ёди мангу барҳаёт
Жиззахда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 104 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳри марказидаги Шароф Рашидов хотира хиёбонида бўлиб ўтган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят аҳли ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида туғилган. Жиззах педагогика техникуми, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиган. Фаолиятини Самарқанд вилояти газетасида бошлаб, ушбу газетага муҳаррир бўлган. 1942 йилда Иккинчи жаҳон урушидан ярадор бўлиб қайтган. Шундан сўнг ўттиз ёшида республиканинг ўша пайтдаги энг нуфузли нашри — “Қизил Ўзбекистон” газетасига муҳаррир этиб тайинланган. Шароф Рашидов шоир, ёзувчи ва публицист сифатида танилган. Унинг “Чегарачи” достони, “Қаҳрим” шеърлар тўплами, “Икки дил достони” асари, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”, “Ғолиблар” каби романлари шуҳрат қозонган. Атоқли адиб 1949 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланган.
[gallery-4572]
У 1959 йил яъни 40 ёшида Ўзбекистон раҳбари этиб сайланган. Бу юксак вазифада қарийб чорак аср фидойилик билан ишлаган.
–Шароф Рашидов жуда мураккаб ва оғир йилларда мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган буюк шахс сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди, — дейди ёзувчи, меҳнат фахрийси Абдулла Аҳмедов. – У киши бир умр юртимизнинг тинчлиги йўлида меҳнат қилди ва шунга эришди ҳам. Халқимиз бу инсонни ҳеч қачон унутмайди.
Тадбирда Жиззах шаҳар ҳокимлиги, фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, корхона ва ташкилотлар, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими тизимидаги муассасалар номидан Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Атоқли давлат арбоби ва адиб хотирасига бағишланган маданий-маърифий тадбир Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида давом этди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА